Мулоҳаза
Уч ёшдан ошган жияним Комронбек телефондан бемалол фойдаланишни, ўзига керак бўлмаган иловаларни ўчириб, турли ўйинларни юклаб олишни эмин-эркин эплайди. Баъзида унинг бу маҳоратига қойил қоламану, лекин танганинг иккинчи томонини ўйлаб хавотирга тушаман...
Бугунги кунда телефон ва интернет кундалик ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб бормоқда. Ахборот асрида шундай бўлиши ҳам табиий. Аммо кичик ёшдаги (ҳатто ёшига етмаган) болаларимизнинг ҳам телефонга “ёпишиб қолгани”, бунинг салбий оқибатлари эса уларнинг характери ва соғлигида ўз сўзини айтаётгани ачинарли ҳол. Бугун бу муаммо ҳар биримизни ўйлантириши, ота-оналарни сергаклантириши керак.
Болаларнинг гаджетлардан фойдаланиши оқибатлари хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, мутахассислиги шифокор бўлган Қизилгул Қосимова қуйидагиларни қайд этди:
— Бугунги кунда мобил қурилмалар кичик ёшли болаларнинг севимли овунчоғига айланиб қолган. Ҳатто ота-оналар фарзандининг турли инжиқликларини тинчитиш учун ҳам қўлига телефон тутқазиб қўймоқда. Смартфондаги турли ўйинлар эса болаларнинг руҳиятига жиддий таъсир қиляпти.
Аммо шунга қарамай, кейинги пайтда ёшларимиз ҳаётини телефонсиз, компьютер ва интернетсиз тасаввур эта олмай қолди. Тўғри, XXI аср ахборот технологиялари, инновациялар асри. Лекин ёшларимиз кўп вақтини телефон билан ўтказаётгани уларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан телефонга қарамликка касаллик даражасида қаралаётгани сабаби ҳам шунда. Болаларда телефонга қарамлик жисмоний саломатликка ёмон таъсир этиши билан бирга, унинг руҳий ривожланишини кескин ўзгартириб юбориши мумкин.
Депутатлик фаолиятимга қадар кўп йиллар давомида тиббиёт тизимида фаолият юритган инсон сифатида айтишим мумкинки, смартфонлардан тез-тез ва кўп фойдаланадиган ўқувчиларда руҳий ва хатти-ҳаракатларнинг бузилиши билан боғлиқ белгилар кўп учрайди. Ушбу касалликда шахс ривожланиши босқичи орқада қолади.
Шунингдек, мобил қурилмалар асаб тизимининг емирилишига, инсон миясида турли шишлар ва ўсимталар ҳосил бўлишига олиб келади. Қолаверса, бундай инсонларда уйқусизлик, бош оғриғи, хотиранинг пасайиши билан боғлиқ турли касалликларга чалинувчилар кўп учрайди.
Стив Жобс ўз вақтида фарзандларига гаджетлардан фойдаланишда бежиз чекловлар қўймаган. Ёки "Apple"нинг айни вақтдаги раҳбари Тим Кук 2018 йилда жиянларига ижтимоий тармоқларда рўйхатга ўтишга рухсат бермаган.
Шу нуқтаи назардан, ушбу масалага лоқайд бўлишга асло ҳаққимиз йўқ. Бу борада болаларни имкон қадар смартфонлардан узоқлаштириш чораларини кўриш, керак бўлса, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг телефондан фойдаланишини чеклашни қонун билан тартибга солиш лозим, — дейди депутат.
Дарҳақиқат, бугун ҳар қандай ёшдаги болаларимизни гаджетлар зараридан, салбий таъсиридан асрашимиз, меъёрни унутмаслигимиз лозим бўлади. Смартфонлар ва улардаги ўйинлар болаларимиз борлиғини эгаллашига йўл қўймаслик ҳар бир ота-она масъулиятидаги вазифа. Зеро, келажагимиз эгаларининг саломатлиги энг муҳим масаладир.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.