Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” павильонларида бўлиб ўтаётган “TextileExpo Uzbekistan Баҳор 2025” 24-Халқаро тўқимачилик ва тикувчилик саноати кўргазмасининг иккинчи кунида ҳам иштирокчилар сони кўп бўлди.
Сабаби ушбу соҳа мураккаблиги ва сердаромадлиги билан ажралиб туради ва тадбиркор учун доимий изланишни, бозор коньюктурасини ўрганишни талаб қилади.
Тадбир ташкилотчилари: Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори ICA Eurasia Group ишбилармон доира вакиллари учун барча шароитларни яратиб берган ва кўргазма юқори савияда ташкил этилган.
- Бу йил кўргазмага ўтган йилгига қараганда кўпроқ бренд корхоналар ташриф буюрган, - дейди Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси PR директори Людмила Стайшюнайте.
– Кўргазма орқали Ўзбекистонда тўқимачилик саноати қанчалик тез ривожланаётгани яққол кўриш мумкин. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларига нафақат ички, балки ташқи бозорларда ҳам қизиқиш ортиб бормоқда. Яна бир эътиборли жиҳати - бу Байер дастури ҳам тадбикорларга қатор қулайликларни яратади. Улгуржи ва чакана савдо вакиллари бу ерда учрашиб, соҳа учун янгиликларни олиб кирадилар. Фойдали шартномалар тузилади. Ўзбекистоннинг хорижга таклиф этаётган маҳсулотлари учун ягона майдон юзага келади. Бу кичик ва катта компаниялар учун кенг имкониятлар яратиб беради. 100 нафардан ортиқ байерлар келган ва улар шартномалар тузишда фаол иштирок этишмоқда.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг экспортга йўналтирилган тармоқларидан бири сифатида жаҳон тенденциялари, трендлари ва инновациялари тўғрисидаги ахборотни доимий равишда актуаллаштиришни талаб этади. Сўнгги йилларда саноат ҳам, ички бозор ҳам экспорт учун ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, етказиб бериш географиясини изчил кенгайтирмоқда.
Кўргазманинг асосий мақсадларидан бири тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш ва экспортни ривожлантиришдан иборатдир.
Унда Беларусь Республикаси, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркия ва бошқа қатор давлатларнинг 165 та компания ва машҳур брендлари, шунингдек, яқин ва узоқ хориждан 100 нафардан ортиқ йирик байерлар иштирок этмоқда.
Кўргазма павильонларидан калава ип ва газламалар, трикотаж матолар, ипак, пайпоқ маҳсулотлари, уй текстили, енгил саноат учун хомашё, аксессуарлар, поябзал, бўёқлар ва кимёвий моддалар, шунингдек, босма иши ва қадоқлаш каби бўлимлар ўрин олган.
Бу йил экспозициялар қуйидаги янги бўлимлар билан кенгайтирилди: пахта ва тола, кийим-кечак ва ички кийим, қайта ишланган материаллардан тайёрланган кийимлар, тиббий текстиль.
Дастлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кўмаклашишга қаратилган мазкур кўргазма Ўзбекистон компаниялари учун бозорда ўз брендини илгари суришда муҳим кўмак бериб келмоқда. Айнан шу ерда уларга сифати ва дизайни бўйича етакчи хорижий брендларникидан қолишмайдиган маҳсулотларини намойиш этиш имконияти яратилмоқда.
Кўргазманинг яна муҳим таркибий қисми - бу махсус Байерлар дастуридир. Ушбу дастур йилдан йилга яқин ва узоқ хориждаги ишлаб чиқарувчилар, улгуржи харидорлар, ритейлерлар ва етказиб берувчиларни ўзига жалб қилади.
Бу йилги стендларда кўплаб харидоргир маҳсулотлар, хусусан матолар, тайёр кийим-кечак, иш кийимлари, уй текстили, жинси шимлар ва аксессуарлар намойиш этилди. Шундай қилиб, кичик корхоналар минтақавий ва глобал миқёсда ўз харидорларини топиш имкониятига эга бўлдилар.
Кўргазма тўқимачилик ва кийим-кечак маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг бутун занжирини – калава ипдан тортиб то тайёр кийим ва қадоқлашгача бўлган жараёнларни қамраб олганлиги билан тадбиркор ва харидорлар учун алоҳида аҳамият касб этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YbN2UFsBFhA" title="Tekstil ko‘rgazmasi - tadbirkor uchun yana bir imkoniyat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кўргазма 16 май куни ҳам давом этади.
Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА