2023 йил 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини тўғри ва мазмунли ташкил этиш, уларнинг санъатга бўлган қизиқишини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларнинг ўқувчилар театр жамоалари ўртасида «Театр ибратхонадир» шиори остида театр фестивали ҳафталиги ўтказилмоқда.
«Театр ибратхонадир» шиори остидаги театр фестивалининг очилиш маросими Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳафталик болалар ижодиётини янада ривожлантириш, мактаблардаги бадиий тўгараклар ишини давр талаби асосида йўлга қўйиш, ўқувчи-ёшларни театр санъатига қизиқтириш каби мақсадларни кўзлайди.
Мактаблардаги ҳаваскорлик театр жамоалари томонидан саҳналаштирилган «Бобур соғинчи», «Падаркуш», «Бебаҳо хазина», «Ўзбекистон буюк даҳолар юрти», «Туркистон болалари», «Зийвар», «Замоннинг синган ойнаси ёки ўзимизнинг Қирол Лир», «Дарсдан сўнг» ва «Пантомима» спектакллари ҳамда «Танҳо қайиқ», Туркистон», «Ибрат ҳаёти», «Шарқ аёли», «Жаҳолат тўғрисида ривоят», «Жалолиддин Мангуберди» сингари бадиий мусиқий композициялари намойиш этилади.
Н.Усмонова,
ЎзА