Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур анжуманда ТДТ мамлакатлари мутахассислари учун орган ва тўқималар трансплантацияси соҳасида билим, тажриба алмашиш имконини берувчи “Турктрансплантни яратиш нияти баённомаси” имзоланди.
Учрашувда Озарбайжон соғлиқни сақлаш вазири Теймур Мусаев, ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Туркия соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемисоғлу, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Даврон Султонов, Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Aлимқодир Бейшеналиев ва Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ербол Оспанов иштирок этди.
Мезбон томон вакили аъзо давлатлар ва ТДТ кузатувчилари ўртасида ягона илмий-тиббий макон яратиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ва тиббий таълимнинг ягона стандартини белгилаш умумий фаолиятнинг асосий йўналишлари эканини таъкидлади.
Тадбир давомида, шунингдек, аъзо ва кузатувчи давлатлар соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий тадқиқот институтлари ўртасида онкология, кардиология, офтальмология, педиатрия, травматология ва ортопедия йўналишларида ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.