ТДТ мамлакатлари божхона тартибини соддалаштиради
Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) божхона хизмати раҳбарлари 12-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркия мутахассислари, ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев, шунингдек Туркманистон, Жаҳон божхона ташкилоти ва Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар илгари қабул қилинган қарорларни амалга ошириш, соддалаштирилган божхона йўлагини ривожлантириш, рақамли трансформация, электрон маълумот алмашинуви, хавфни бошқариш ва божхона лабораториялари ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилишди.
Учрашув якунида томонлар устувор йўналишлар ва келгуси амалий қадамларни белгиловчи баённома имзоладилар.
ТДТ божхона хизматлари кейинги йиғилиши 2027 йил Туркияда ўтказилиши белгиланди.
С.Раҳимов, ЎзА