ТДТ доирасидаги ҳамкорлик: Ўзбекистон ташаббусларининг аҳамияти
Бугунги кунда геосиёсий вазият мураккаблашуви, рақамли технология ва сунъий интеллект жадал ривожланиши давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги устувор йўналишларини шакллантирмоқда. Бундай шароитда туркий давлатларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, инновацион салоҳиятни бирлаштириши ва рақамли тараққиёт йўлида муштарак ёндашувлар ишлаб чиқиши тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан жорий йил 15 май куни Туркий дунё маънавий пойтахти – Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги ТДТ норасмий саммити мавжуд ҳамкорликни замонавий босқичга олиб чиқиш, рақамли трансформация ва СИ соҳасидаги шерикликни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим сиёсий мулоқот майдонига айланди.
Анжуман кун тартибига асосан турли масалалар юзасидан фикр алмашилиб, кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалий шерикликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, жаҳон сиёсатида ишонч инқирози чуқурлашган, глобал институтлар таъсири пасайган бугунги шароитда туркий давлатлар ҳамжиҳатлиги, стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида айнан шу омилларга алоҳида эътибор қаратиб, қуйидагиларни таъкидлади:
– Бугунги учрашувимиз жаҳонда турфа зиддият тобора авж олаётган даврга тўғри келмоқда. Халқаро муносабатларда ишонч тақчиллиги янада кучайиб, глобал институтларнинг ўрни ва таъсири борган сари заифлашмоқда. Бу муаммолар биздан ўзаро мулоқотни фаоллаштириб, муҳим масалалар бўйича уйғун позициялар ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.
СИ жаҳон иқтисодиётининг янги ҳаракатга келтирувчи кучи сифатида шаклланаётган бир пайт мамлакатимиз томонидан тузилма доирасида сунъий интеллект бўйича стратегик ҳамкорлик тармоғини яратиш, “Рақамли туркий йўлак” концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда пойтахтимизда ТДТ Технология форумини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур таклифлар рақамли маконни интеграциялаш, инновацион экотизимни ривожлантириш ва юқори технология соҳасида умумий салоҳиятни бирлаштиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Президентимиз ўз нутқида тарихий мерос ва замонавий тараққиёт ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳақида гапириб, Муҳаммад Хоразмий, Aҳмад Фарғоний, Aбу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларнинг илмий мероси бугунги СИ ривожи илмий пойдевори эканини қайд этди. Хусусан, бу борада қуйидагилар таъкидланди:
– Ўлкаларимизда яшаб ижод қилган улуғ боболаримиз Муҳаммад Хоразмий, Aҳмад Фарғоний, Aбу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек алгоритм, математика, астрономия ва физика фанлари равнақига беқиёс ҳисса қўшиб, шу тариқа ҳозирги сунъий интеллект ривожи учун асос яратганлар. Биз аждодларимизнинг ана шундай бебаҳо меросига таяниб, бугун Туркий дунёнинг янги рақамли тараққиёт даврини барпо этяпмиз.
Яна бир муҳим ташаббус илмий ва маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази негизида ТУРКСОЙ ва Туркий академия билан ҳамкорликда тарихий-маданий манбаларни ягона “улкан маълумотлар” платформасига жамлаш таклифидир. Шу орқали туркий халқларнинг умумий илмий ва маданий меросини замонавий технология асосида сақлаш ва тадқиқ этиш учун янги имкониятлар пайдо бўлади.
Ёшлар масаласига қаратилган ташаббуслар ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бу соҳада “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури, ёшларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан ташкил этилаётган Қўшма венчур жамғармага бошқа аъзо давлатларни ҳам жалб қилиш таклифи келажакда туркий маконда замонавий билимлар ривожига хизмат қилади.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ташаббуслар ҳам минтақавий интеграцияни янада ривожлантиришга қаратилган бўлиб, айни йўналишда “E-Permit” электрон тизимини тўлиқ жорий этиш, божхона маълумотини рақамлаштириш ҳамда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли билан боғлаш бўйича илгари сурилган таклифлар юк ташиш жараёнини соддалаштиради.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган экологик ва хавфсизлик ташаббуслари ҳам бугунги глобал кун тартибига тўла мос келади. Шундан келиб чиқиб, 2027 йилни туркий дунёда “Табиатни асраш йили” сифатида эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди. Бундан ташқари, сунъий йўлдош маълумотлари асосида иқлим мониторинги тизимини яратиш, сув ресурсларини бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳамда Кибер хавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянс ташкил этиш таклифлари ТДТ доирасида замонавий таҳдидларга янги ёндашувлар шаклланаётганини намоён этади.
Умид Эргашев,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети мустақил изланувчиси