ТДТ доирасида транспорт йўлаклари: Ўзбекистон минтақавий логистика марказига айлана оладими?
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш, халқаро транзит йўлакларини диверсификация қилиш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш бугунги куннинг муҳим стратегик вазифаларидан бирига айланмоқда. Глобал савдо йўналишлари қайта шаклланаётган, геосиёсий рақобат кучаяётган ва мамлакатлар ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилишга интилаётган ҳозирги шароитда транспорт инфратузилмаси нафақат иқтисодий тараққиёт, балки ташқи иқтисодий мустақилликнинг ҳам муҳим омили бўлиб бормоқда.
Айниқса, Шарқ ва Ғарбни боғловчи халқаро транспорт йўналишларини ривожлантиришда Марказий Осиёнинг геостратегик аҳамияти алоҳида ўрин тутади. Минтақа марказида жойлашган Ўзбекистон учун бу жараён янги имкониятлар билан бирга муайян вазифаларни ҳам юзага келтиради. Асосий масала мамлакатнинг қулай географик жойлашувини барқарор иқтисодий даромад, рақобатбардош логистика хизматлари ва халқаро савдодаги мустаҳкам мавқега айлантиришдан иборат.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Нуриддин Қалқонов таъкидлашича, бугунги геосиёсий ва геоиқтисодий ўзгаришлар шароитида транспорт йўлаклари оддий юк ташиш йўналишлари доирасидан чиқиб, давлатларнинг ташқи савдо имкониятлари, иқтисодий барқарорлиги ва халқаро рақобатбардошлигини белгилайдиган стратегик воситага айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, ТДТ доирасида транспорт ҳамкорлигини чуқурлаштириш Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро иқтисодий жараёнлардаги ўрнини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

– Юртимизнинг минтақавий логистика марказига айланиш имконияти, аввало, унинг географик жойлашуви, ишлаб чиқариш салоҳияти ва халқаро бозорлар билан боғланиш даражасига боғлиқ. Бироқ географиянинг ўзи иқтисодий устунликни кафолатламайди. Бунинг учун транспорт йўлакларини ўзаро интеграция қилиш, чегара ва божхона тартибларини соддалаштириш, замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни амалий натижалар билан мустаҳкамлаш зарур, – дейди Н. Қалқонов.
Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини оширишда Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, яъни Ўрта коридор алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур йўналиш Хитой ва Марказий Осиёни Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа бозорлари билан боғлайди. Ушбу йўналишнинг ривожланиши халқаро юк ташиш маршрутларини диверсификация қилиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва минтақалараро иқтисодий алоқаларни кучайтиришга хизмат қилади.
Ўлкамиз учун бу жараёндаги асосий вазифа мавжуд транспорт йўналишларидан фойдаланиш билангина чекланмасдан, улар ўртасида самарали боғлиқликни таъминлашдир. Хусусан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасининг амалга оширилиши мамлакатнинг шарқий йўналишдаги транспорт имкониятларини кенгайтириши, кейинчалик эса бошқа халқаро коридорлар билан интеграциялашуви учун қўшимча шароит яратиши мумкин.
Ушбу темир йўлнинг аҳамияти фақат Хитойдан Ўзбекистонга юк ташиш билан чекланмайди. Унинг минтақавий транспорт тизимига қўшилиши Марказий Осиёнинг Шарқий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ҳамда Европа бозорлари билан иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин. Бироқ бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш темир йўлнинг бошқа транспорт тармоқлари билан боғланиши, юк оқимларининг барқарорлиги ва транзит жараёнларининг иқтисодий жиҳатдан самарали ташкил этилишига ҳам боғлиқ.
– Ўрта коридор ва Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини алоҳида-алоҳида ташаббуслар сифатида эмас, балки ўзаро тўлдирувчи транспорт тизимининг муҳим бўғинлари сифатида кўриш лозим. Агар ушбу йўналишлар ягона логистика занжири доирасида самарали боғланса, Ўзбекистоннинг халқаро савдо тармоқларидаги аҳамияти ортади. Бу эса мамлакатни фақат транзит ҳудуди эмас, балки юкларни тақсимлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва қўшимча қиймат яратиш хизматлари ривожланган минтақавий марказга айлантириш учун замин яратади, – дейди эксперт.
ТДТ доирасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал асослари босқичма-босқич мустаҳкамланмоқда. Жумладан, 2022 йил 11 ноябрда Самарқандда ТДТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро аралаш юк ташиш тўғрисидаги битим имзоланган ва ташкилотнинг транспорт боғлиқлиги дастури қабул қилинган.
Жорий йил 23 апрель куни Бишкек шаҳрида ТДТга аъзо давлатлар транспорт вазирларининг тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда транспорт жараёнларини соддалаштириш, рақамлаштириш ва Ўрта коридор инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилиш якунида халқаро автомобиль юк ташувларида электрон юк хати – e-CMR тизимини жорий этиш бўйича меморандум имзоланди. Бу транспорт ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш ва давлатлар ўртасидаги ахборот алмашинувини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Мазкур ташаббусларнинг аҳамияти шундаки, халқаро транспорт йўлагининг самарадорлиги фақат темир йўллар, автомобиль йўллари ва терминаллар мавжудлиги билан белгиланмайди. Юкнинг бир мамлакатдан бошқасига қанча вақтда етиб бориши, чегараларда қанча муддат кутилиши, ҳужжатларни расмийлаштириш харажатлари ва логистика хизматларининг сифати ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
– Бугунги кунда транспорт соҳасидаги рақобат фақат масофа билан эмас, балки вақт, харажат, ишончлилик ва хизматлар сифати билан ҳам ўлчанади. Агар Ўзбекистон юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартирса, чегарадан ўтиш жараёнларини соддалаштирса ва логистика хизматларининг барқарорлигини таъминласа, мамлакатнинг халқаро транспорт бозоридаги рақобатбардошлиги сезиларли даражада ошади. Шу маънода, рақамлаштириш транспорт инфратузилмасини ривожлантиришнинг ажралмас қисми бўлиши керак, – дейди Н.Қалқонов.
Эксперт таҳлилига кўра, Ўзбекистоннинг минтақавий логистика марказига айланиши катта иқтисодий имкониятларни очади. Транзит ташувларининг кўпайиши транспорт ва логистика хизматларидан тушадиган даромадларни ошириши, янги иш ўринларини яратиши, омборхона хўжалиги, божхона брокерлиги, юкларни суғурталаш ва экспедиторлик хизматларини ривожлантириши мумкин. Шунингдек, логистика инфратузилмасининг такомиллашиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради.
Бироқ бу мақсадга эришиш бир қатор муаммоларни ҳал этишни талаб қилади. Аввало, Ўзбекистоннинг жаҳон океанига бевосита чиқиш имконига эга эмаслиги ва камида икки давлат ҳудуди орқали денгиз портларига етиб бориш зарурати транспорт харажатлари ҳамда ташқи савдо йўналишларига таъсир кўрсатади. Шунинг учун муқобил коридорларни ривожлантириш мамлакат иқтисодий хавфсизлиги ва ташқи савдо барқарорлигини мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Иккинчидан, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш катта ҳажмдаги инвестициялар, узоқ муддатли молиялаштириш ва минтақавий даражада мувофиқлаштирилган қарорларни талаб қилади. Темир йўл ва автомобиль йўлларининг ўтказувчанлигини ошириш, логистика марказлари ва мультимодал терминаллар ташкил этиш, юкларни бир транспорт туридан бошқасига тезкор ўтказиш имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифалардандир.
Учинчидан, транспорт коридорларининг барқарор ишлаши чегарадош давлатлар билан келишилган тариф сиёсати, божхона тартиблари ва транзит қоидаларига ҳам боғлиқ. Агар бир давлатдаги маъмурий тўсиқ ёки чегарадаги кечикиш бутун маршрут бўйлаб юк ташиш муддатини узайтирса, коридорнинг рақобатбардошлиги пасаяди. Демак, транспорт ҳамкорлигида миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда умумий минтақавий ёндашувни шакллантириш зарур.
Тўртинчидан, Ўзбекистон фақат транзитдан даромад олиш билан чекланиб қолмаслиги лозим. Мамлакатда юкларни саралаш, қадоқлаш, сақлаш, қайта ишлаш, тақсимлаш ва экспортга тайёрлаш хизматларини ривожлантириш орқали транспорт оқимларидан кўпроқ иқтисодий қиймат олиш мумкин. Бу эса логистика соҳасини саноат, савдо ва хизматлар тармоқлари билан узвий боғлашни тақозо этади.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги транспорт ҳамкорлиги Ўзбекистон учун нафақат янги маршрутларга чиқиш, балки минтақавий иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш имконияти ҳамдир. Тузилмага аъзо давлатларнинг географик жойлашуви, транспорт инфратузилмаси ва ташқи бозорлар билан алоқалари бир-бирини тўлдириши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, ТДТнинг Анқарада ўтказилаётган саммити транспорт-логистика ҳамкорлигининг истиқболларини муҳокама қилиш учун муҳим сиёсий майдон ҳисобланади. Анжуман доирасида транспорт боғлиқлигини кучайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва минтақавий ҳамкорликни амалий мазмун билан тўлдиришга қаратилган ташаббуслар Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга.
Республикамизнинг мазкур жараёндаги фаол иштироки миллий манфаатларни илгари суриш, янги инвестициявий ҳамкорликларни йўлга қўйиш ва халқаро транспорт тармоқларидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин. Айниқса, Ўрта коридорни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли билан боғлаш, рақамли транспорт тизимларини мувофиқлаштириш ва чегарадан ўтиш тартибларини соддалаштириш бўйича амалий келишувлар муҳим аҳамият касб этади.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг минтақавий логистика марказига айланиши реал имкониятларга эга, аммо бу ўз-ўзидан юз берадиган жараён эмас. Бунинг учун географик устунликни замонавий инфратузилма, рақамли бошқарув, самарали божхона тизими, малакали кадрлар ва изчил минтақавий ҳамкорлик билан уйғунлаштириш талаб этилади.
Энг муҳими, Ўзбекистон халқаро транспорт йўлаклари кесишган ҳудуд бўлибгина қолмасдан, юк оқимларини самарали бошқарадиган, логистика хизматлари орқали қўшимча қиймат яратадиган ва минтақавий савдо алоқаларини ривожлантирадиган марказга айланиши лозим. Ана шунда транспорт-логистика соҳаси мамлакат иқтисодий ўсиши, экспорт салоҳияти ва халқаро рақобатбардошлигини оширувчи стратегик омилга айланади.
Ўткир АЛИМОВ, ЎзА