Тбилиси НАТО саммити иштирокчилари рўйхатидан ўрин олмади
Грузия илк бор Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) саммити расмий дастурига киритилмагани мамлакатда кескин сиёсий баҳсларга сабаб бўлди.
Аввалги йиғинларда Украина, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Янги Зеландия, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари каби ҳамкор давлатлар таклиф этилган бўлса, бу сафар Тбилиси иштирокчилар рўйхатидан жой олмади. Бу ҳолат айрим сиёсатчилар ва экспертлар томонидан ўлканинг халқаро майдонда яккаланиб қолаётгани сифатида баҳоланмоқда.
Ҳукмрон “Грузин орзуси” партияси вакиллари эса бундай танқидларни рад этмоқда. Уларга кўра, бу йилги саммит формати аввалгилардек шерик давлатлар иштирокини назарда тутмаган. Шу билан бирга, Грузия ташқи ишлар вазири Мака Бочоришвили Туркияда ўтказилган “Allies in Ankara” форумида қатнашганини таъкидлади.
Мухолифат ва сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, расмий Тбилисининг саммитдан четда қолиши республиканинг Ғарб билан муносабатлари совуқлашаётганининг навбатдаги белгиси ҳисобланади. Собиқ элчи Леван Долидзе Грузия аввал НАТОнинг энг яқин ҳамкорларидан бири бўлганини, ҳозир эса Европа Иттифоқи ва Альянс доирасидаги муҳим муҳокамалардан четлашиб бораётганини қайд этди.
Сиёсатшунос Паата Закареишвили эса бу ҳолатни ҳамкор давлатлар ишончи пасайгани билан изоҳлади.
Сўнгги йилларда Грузиянинг ЕИ билан муносабатлари ҳам мураккаблашди. 2023 йилда мамлакатга тузилмага номзод мақоми берилган бўлса-да, кейинчалик қабул қилинган “хорижий таъсир тўғрисидаги қонун” ортидан Брюссель аъзолик музокараларини тўхтатиб, молиявий ёрдамни қисқартирди.
Шунга қарамай, Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе расмий Тбилисининг Европа ва евроатлантик интеграция йўли ўзгармаганини, мамлакат транспорт ва энергетика лойиҳалари орқали минтақадаги стратегик аҳамиятини сақлаб қолаётганини таъкидлаб келмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА