Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга "оила - маҳалла-туман ва ҳудуд" тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади.
2024 йил 1 июндан бошлаб:
а) "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади;
б) хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг "102" телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида ички ишлар органлари ходимлари томонидан рўйхатга олинади.
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:
хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;
профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;
тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;
расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар "Инсон" марказларига реал вақт режимида "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали юборилади.
Тазйиқдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида:
2024 йил 1 июндан бошлаб Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида;
2024 йил 1 октябрдан бошлаб республиканинг қолган барча ҳудудларида шошилинч қабул бўлимларида туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади.
Шошилинч қабул бўлимларининг бирламчи кўмак хоналарида:
жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилаш учун тазйиқ ва зўравонликка учраган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари уч суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштирилади;
шошилинч биринчи ёрдам, шу жумладан руҳий, психотерапевтик ёрдам кўрсатилади, шунингдек, юқумли касалликлар мавжудлиги тўғрисида таҳлиллар ўтказилади.
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларида вақтинчалик бошпана (шелтер)лар фаолияти йўлга қўйилади;
шошилинч қабул бўлимларининг бирламчи кўмак хоналарида ёрдам олган шахслар мазкур бўлим шифокорининг хулосаси ва ҳимоя ордери асосида ижтимоий хизматлар кўрсатиш шартномасига мувофиқ ариза талаб этмаган ҳолда ҳудудий марказларга жойлаштирилади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг ижтимоийлашув даражаси ижтимоий ходим, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори томонидан олти ой давомида мониторинг қилинади.
Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахслар билан ишлаш йўналишида:
зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш ишларига мажбурий равишда Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари ҳам жалб қилинади.
- йил 1 октябрдан бошлаб ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури "Инсон" марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
- йил 1 январдан бошлаб, ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади.
Мазкур қарор билан:
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилишга доир чора-тадбирлар дастури;
зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган медиа-режа тасдиқланди.
ЎзА