Тажриба ўз сўзини айтган беллашув
Футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг нимчорак финал босқичидаги дастлабки учрашувлар қизғин кечмоқда. Зоминда кечган баҳсда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси Қорақалпоғистон давлат университети талаба-ёшларидан тузилган, Пролига вакили Нукуснинг “Жайхун” клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақанинг кейинги босқичига йўл олди.
Кубок баҳсларининг ўзига хослиги шундаки, унда майдонга чиққан ҳар бир жамоа учун рақибнинг номи ёки мақоми эмас, айнан шу кунги ўйин тақдири ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу маънода “Жайхун”нинг “Сўғдиёна”га қарши баҳси ҳам қизиқарли кечиши кутилган эди. Зеро, меҳмонлар нимчорак финалгача бўлган йўлни муносиб босиб ўтиб, ўз имкониятларини намойиш этишга муваффақ бўлган ёшлардан ташкил топган.
Учрашувнинг биринчи бўлимида жамоалар эҳтиёткорликни устун қўйди. Тўп учун кураш ва майдон марказидаги ҳаракатлар етарлича бўлгани ҳолда, дарвозалар олдида жиддий хавф туғдирувчи вазиятлар кам кузатилди. Бироқ тайм якунига яқин “Сўғдиёна” ҳужумларни тобора кучайтириб, рақиб мудофаасини жиддий синовдан ўтказа бошлади.


Танаффусга яқин мезбонларнинг босими ўз самарасини берди. Стандарт вазиятдан сўнг ҳисоб очилди. Иккинчи бўлимда ҳам “Сўғдиёна” ташаббусни қўлдан чиқармади. “Жайхун” футболчилари тартибли ҳимояланиб, қарши ҳужумлар орқали рақиб дарвозасига таҳдид солишга уринди. Айниқса, узоқ масофадан йўлланган айрим зарбалар мезбонлар учун жиддий хавф туғдириши мумкин эди.
Шунга қарамай, тажриба ва ижрочилар маҳорати ҳал қилувчи омил бўлди. Учрашувнинг ҳар икки тайми якунига яқин мезбонлар гол уриб, якуний ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.


Жиззахликлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев учрашувдан кейинги матбуот анжуманида жамоасининг ғалабасини, аввало, футболчиларнинг интилиши билан боғлади.
— Ўйиндан олдин йигитларга ҳар қандай рақибга ҳурмат билан муносабатда бўлиш кераклигини айтдик. Ким билан ўйнашимиздан қатъи назар, барча рақибга бирдек ҳурмат билан қарашимиз лозим. Бугунги баҳсда ҳам дастлаб эҳтиёткор ўйнадик, кейинчалик ҳужумларни кучайтириб, муҳим голларни киритдик. Йигитларга ғалаба учун миннатдорчилик билдираман. Энди бор эътиборимизни Суперлиганинг навбатдаги турига тайёргарликка қаратамиз, — деди мураббий.


Улуғбек Бақоев “Жайхун”нинг ўйинига ҳам ижобий баҳо бериб, бу жамоа сафидан келажакда юқори даражадаги футболчилар етишиб чиқиши мумкинлигини таъкидлади.
Меҳмонлар бош мураббийи Айбек Нурбаев эса учрашувда тажриба ҳал қилувчи аҳамият касб этганини қайд этди.
— Аввало, Жиззах аҳлини ва “Сўғдиёна” мухлисларини ғалаба билан табриклайман. Рақиб кейинги босқичда ҳам омадли иштирок этишини тилайман. Биз ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик. Бироқ “Сўғдиёна” Суперлига жамоаси сифатида тажриба ва савия борасида устунликка эга. Биз рақиб хатосидан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, йигитлар ёмон ўйнашмади, аксинча, ўзлари истаган футболни намойиш этишга ҳаракат қилди. Аммо ҳар икки тайм охирида ҳушёрликни бир оз йўқотганимиз рақибнинг голларига сабаб бўлди. Ҳужумларни якунига етказишда эса озгина омад етишмади, — деди у.


Шундай қилиб, “Сўғдиёна” Ўзбекистон кубогидаги навбатдаги тўсиқдан ишончли ўтиб, чорак финал сари йўл олди. “Жайхун” учун эса бу учрашув мағлубият билан якунланган бўлса-да, мусобақа уларнинг катта футбол сари дадил қадам ташлаётганини яна бир бор кўрсатди. Зеро, кубок баҳсларида баъзан ҳисобдан ҳам муҳимроқ нарса — тажриба орттириш, ўз кучига ишонч ҳосил қилиш ва катта мақсадлар сари интилишдир.
“Сўғдиёна”дан ташқари чорак финал босқичига, “Пахтакор”ни мусобақадан чиқариб юборган “Нефтчи”, “Насаф”ни кейинги босқичдан маҳрум этган “Навбаҳор” ва кутилмаганда “Сурхон”ни мағлуб этган, биринчи лига вакили Сирдарё вилоятининг “Гулистон” жамоаси ҳам йўл олди.
Чорак финалнинг яна 4 та иштиокчиси 15 – 16 сентябрь кунлари ўтадиган ўйинлардан сўнг маълум бўлади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири