Тайвань мухолифати вакили Хитойга йўл олди
Тайвань мухолиф партияси раҳбари Чэн Ли-вэнь Хитойга ташриф буюриб, Си Цзиньпин билан учрашиши кутиляпти. У Гоминьдан партияси етакчиси сифатида сўнгги ўн йил ичида ХХРга борган илк амалдаги раҳбар ҳисобланади. Чэн мазкур сафарни “тинчлик учун кўприк” деб атади ва мулоқот орқали ўзаро муносабатни юмшатишдан умидворлигини билдирди. Сиёсатчининг олти кунлик дастури Шанхай, Нанкинь ва Пекинни қамраб олади.
Бу воқеа Тайвань ичида кескин баҳс келтириб чиқарди. Ҳокимиятдаги етакчи Демократик илғор партия Чэнни Пекинга “бўйсунишда” айблаб, сафар режасини танқид қилди. Ушбу фракция Хитойни минтақавий тинчликка таҳдид солаётган асосий куч сифатида кўради. Орол ҳукумати жараён диққат билан кузатилишини маълум қилди.
ХХР ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган Тайванни қўшиб олиш учун куч ишлатиш эҳтимолини ҳеч қачон истисно қилмаган. Оролда эса “ҳозирги ҳолатни сақлаш” тарафдорлари ҳам кўп: на расман мустақиллик эълон қилиш, на бирлашиш. Шу боис, айни пайт ҳар қандай дипломатик алоқа жуда таъсирчан ҳисобланади. Бу мувозанатда, айниқса, АҚШ билан муносабат ҳам муҳим.
Таҳлилчилар фикрича, Чэн Ли-вэнь шу тариқа ўзини музокара олиб бора оладиган сиёсий шахс сифатида кўрсатмоқчи. Унинг бу қадами маҳаллий сайлов олдидан ўз сиёсий нуфузини оширишга қаратилган бўлиши мумкин. Бинобарин, жамоатчилик орасида айни ёндашув баҳсли кўринади. Кўпчилик Чэнни вазиятга қараб қарашини ўзгартирадиган сиёсатчи сифатида баҳоламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА