Россияда "Ичкерия" террор ташкилоти деб топилди
Чеченистоннинг Грозний шаҳри суди "Ичкерия" ҳаракатини террор ташкилоти деб эълон қилди. Тузилманинг Европа давлатларидаги ўнлаб бўлинмаларига ҳам шундай айблов қўйилмоқда.
Бу ҳақда мамлакат хавфсизлик идораларига таяниб, DW нашри маълум қилди.
Қайд этилишича, тегишли қарор туман суди томонидан қабул қилинган. Шунингдек, ушбу гуруҳга тегишли, Европа давлатларида фаолият юритган 29 бўлинмага ҳам айни “тамға” босилган.
Расмий маълумотга кўра, ташкилот аъзолари Россияга қарши ҳарбий амалиётларда иштирок этгани, айрим ҳудудларда қўпорувчилик ҳаракатига алоқадорлиги гумон қилинмоқда.
Маълум қилинишича, ташкилотга хорижда яшаётган шахс раҳбарлик қилади. Унга нисбатан аввал ҳам жиноий иш қўзғатилган ва қидирув эълон қилинган.
“Ичкерия” ўтган аср 90-йилларида Чеченистон ҳудудида ўзини мустақил деб эълон қилган тузилма. Кейинчалик ҳарбий амалиёт натижасида гуруҳ фаолияти тугатилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА