ТАЙИНЛОВ: янги ташкил этилган туманнинг раҳбарияти тасдиқланди

Сессияда ташкилий масала кўрилди.
Хоразм вилояти таркибида янги ташкил этилган Тупроққалъа туманининг маъмурий маркази Питнак шаҳрида Халқ депутатлари Тупроққалъа тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда туманга оид ташкилий масала кўрилди.
Тупроққалъа Хоразм вилоятининг маъмурий марказига нисбатан энг чекка туманларидан биридир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 11-12 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Тупроққалъа туманини қайта ташкил этиб, ҳудудни янада ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Шунга мувофиқ 2020 йил 24 март куни Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлиси қарори қабул қилиниб, қайта тикланаётган туманнинг ҳудуди белгиланди.
Мазкур туман таркибига кирувчи ҳудудлар Ҳазорасп туманига қўшилганига қарийб 22 йил бўлди. Бироқ, шу даврда ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан анча ортда қолиб кетди. Аҳолининг турмуш шароитида туб ўзгаришлар сезилмади. Хусусан, 54 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда умумтаьлим мактабларини, ўрта махсус, касб-ҳунар таьлими, тиббиёт ва мактабгача таълим муассасалари ҳамда ички йўллар масалалари шу даврларда эътибордан четда қолиб келган. Маданият, спорт, тадбиркорлик соҳалари ривожланмади.
Туманнинг қайта тиклангани бу ерда ягона бошқарувни йўлга қўйиб, аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратишда муҳим ўрин тутади.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шу кунга қадар Гурлан тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Салаев Алишер Рўзметович Тупроққалъа тумани ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тасдиқланди.
Шунингдек, Гайбиев Султанбай Мухамаджанович туман прокурори, Аллаберганов Ихтиёр Бахтиёрович туман ички ишлар бўлими бошлиғи, Султанов Иномжон Икромович туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимларига тайинланди.
Тайинловлар юзасидан депутатлар ва туман фаолларининг фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Сессияда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.