“Тайметов. Ғалаба парвози” ҳужжатли фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
“Тайметов. Ғалаба парвози” ҳужжатли фильми “Uzbekistan Airports” компанияси томонидан ўзбек авиацияси тарихига бағишланган муҳим лойиҳа ҳисобланади. Фильм ўзбек авиациясининг афсонавий вакили, Ўзбекистоннинг илк ҳарбий ва фуқаро учувчиси, синовчи-учувчи ҳамда Тошкент аэропортининг биринчи директори бўлган Абдусамат Тайметов ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Осмонни болалигидан орзу қилган инсоннинг матонати, жасорати ва ватан олдидаги хизматлари фильмнинг асосий ғоясига айланган.
Картинaда нафақат машҳур учувчининг ҳаёт йўли, балки уруш йилларида Тошкентда ишлаб чиқарилган ва Ғалабага муносиб ҳисса қўшган афсонавий Li-2 самолёти тарихи ҳам таъсирли тарзда очиб берилган. Бу самолёт фронт ортидаги меҳнат, муҳандислик ва жасорат тимсоли сифатида тасвирланади.
Фильм премьераси дастлаб ёпиқ намойиш шаклида ўтказилган бўлсада, шундан кейин у бир йил давомида Ўзбекистон номидан халқаро кинофестивалларда иштирок этди. “Тайметов. Ғалаба парвози” Лондон халқаро кинофестивали, “Евросиё”, “Листапад” ва Дакка халқаро кинофестиваллари каби нуфузли майдонларда муваффақият қозониб, бир қатор мукофотларга сазовор бўлди.
Халқаро кинотанқидчилар ва мутахассислар томонидан фильм тарихий воқеаларни бадиий ва ҳужжатли уйғунликда ёритгани, миллий қаҳрамон образини таъсирчан кўрсата олгани учун юқори баҳоланди.
Ҳозирда ушбу ҳужжатли фильм кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА