Тахиатошда янги лойиҳа ишлари олиб борилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, канализация тизимини янгилаш ва кенгайтириш йўналишида йирик лойиҳа босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Халқ депутатлари Тахиатош тумани Кенгаши раиси, O‘zLiDePдан сайланган депутат Рашид Хидирбаев ҳудудда олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари билан яқиндан танишди. Ўрганиш жараёнида ишларнинг сифати ва муддатларга риоя этилиши ҳамда аҳолига яратилаётган қулайликлар эътибор марказида бўлди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 августдаги “Маҳаллаларда аҳоли муаммоларини аниқлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Уни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари, жумладан, Жаҳон банки маблағи жалб этилган бўлиб, умумий қиймати 78 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Лойиҳа доирасида туманда 77,5 километр узунликдаги янги канализация тармоғи қурилади, 6 та замонавий насос станцияси барпо этилади ва ҳудуднинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тубдан янгиланади. Мазкур кенг кўламли ишлар якунига етказилгандан сўнг, аҳолини канализация тизими билан қамраб олиш даражаси ҳозирги 13 фоиздан 42 фоизга етказилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, оқова сувларни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш йўлга қўйилиб, улардан техник ва хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш имконияти яратилади. Қайта ишланган сувни томорқа ерларга етказиб бериш тизими ҳам жорий этилади.
Бундай лойиҳалар нафақат инфратузилмани яхшилаш, балки экологик барқарорликни таъминлаш, санитария ҳолатини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг фаровон турмушини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.