Халқаро террористик ташкилотга алоқадорлиги учун қидирувда бўлган, 1995 й.т. “С.С.” Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан хориждан Ўзбекистонга олиб келинди.
Мазкур шахс интернет тармоғи орқали Сурия давлати ҳудудидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти аъзоларининг таъсирига тушиб қолади.
У ўзининг танишлари билан “Телеграм” мессенжерида виртуал гуруҳ ташкил этиб, экстремистик оқимлар ва халқаро террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг “жиҳод”га чорловчи материалларини унга жойлаб, ўзаро муҳокама қилишган. Шунингдек, Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилотига қўшилиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетмоқчи бўлишган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг ноқонуний ҳаракатлари фош этилган ҳамда 2018 йилнинг июнь ойида “С.С.” ва унинг жиноий алоқаларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, “С.С.”га нисбатан инсонпарварлик принципини қўллаган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Бироқ, “С.С” ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармасдан, Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида айланма йўллар орқали давлат чегарасини кесиб ўтиб, Марказий Осиё давлатларининг бирига борган вақтида ҳибсга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ матбуот хизмати