Татаристонда “Ҳозирги замон ўзбек ҳикояси антологияси” нашр қилинди
Кейинги йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг халқаро алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Бу эса ўзбек сўз санъатига оид китобларнинг хорижда чоп этилишида, миллий адабиётимизни тарғиб ва ташвиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тақдим этган маълумотларга кўра, Қозон шаҳрида “Ҳозирги замон ўзбек ҳикояси антологияси” татар тилига таржимада чоп этилди.
Мазкур китобга бугунги кунда фаол ижод билан машғул бўлган ўттиздан зиёд ўзбек ёзувчисининг ҳикоялари киритилган. Антологияда Неъмат Арслон, Муҳаммад Али, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Хуршид Дўстмуҳаммад каби устоз адиблар, шунингдек, Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Исажон Султон, Рисолат Ҳайдарова, Ғафур Шермуҳаммад каби таниқли ёзувчилар, Бахтиёр Абдуғафур, Жасур Кенгбоев, Нодирабегим Иброҳимова, Санжар Турсунов, Фурқат Алимардон каби ёш ижодкорлар, Матлуба Юсуф Охунд, Гулчеҳра Асронова каби вилоятларда истиқомат қилаётган носирларнинг сара ҳикоялари бор.
«Ҳозирги замон ўзбек ҳикояси антологияси» Татаристон Ёзувчилар уюшмасининг Адабий таржима маркази томонидан татар тилига ўгирилиб, “Язучи” нашриёти томонидан нашрга тайёрланган.
– Мазкур тўплам Ўзбекистон ва Татаристон Ёзувчилар уюшмалари ўртасидаги адабий ҳамкорлик лойиҳаси доирасида нашр этилди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ташкилий ва нашр ишлари бўйича ўринбосари Ғайрат Мажид. – Айни дамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Замонавий татар ҳикояси антологияси”ни чоп этишга тараддуд кўрмоқда. Ўттиздан зиёд татар ёзувчиларининг ҳикоялари ёш таржимон Феруз Неъматуллаев томонидан бевосита аслиятдан ўзбекчага ўгирилди.
“Замонавий татар ҳикояси антологияси” ҳам ўзбек кичик насри антологияси каби бугунги кунда фаол ижод қилаётган устоз адиблар, таниқли ёзувчилар ва умидли ёш носирларнинг сара ҳикояларидан таркиб топган.
Н.Усмонова,
ЎзА