“Татар қизи − 2026” халқаро кўрик-танлови ғолибига автомобиль топширилди
Миллий маданий марказлар павильонида “Татар қизи − 2026” халқаро кўрик-танлови ғолиби Амина Маҳмудовага бош соврин - "Zeekr" автомобилини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбек, татар, туркман халқлари ўртасидаги дўстлик ҳамда маданий ҳамкорлик руҳида ташкил этилган тадбир миллий маданият ва анъаналарни қадрлаш, ёшларнинг истеъдодини қўллаб-қувватлаш ҳамда ютуқларини эътироф этишга бағишланди.

Маросимда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси, Маданият вазири, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси табрик сўзи билан иштирок этди.
Маросим олдидан Миллий маданий марказлар павильони бўйлаб саёҳат ташкил этилиб, иштирокчилар турли миллатларнинг урф-одатлари ва анъаналари билан танишди.
Миллий либослардаги ёшларнинг иштироки тадбирга ўзгача кўтаринкилик бағишлаб, маданий хилма-хиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини намоён этди. Тадбир давомида ўзбек, татар, туркман халқлари ўртасидаги дўстлик, маданий ҳамкорлик ҳамда “Татар қизи” халқаро кўрик-танлови жараёнларини акс эттирувчи видеолавҳалар намойиш этилди.

Маросимнинг асосий қисмида «Татар қизи» халқаро танлови ғолиби Амина Маҳмудова муносиб совға — автомобиль билан тақдирланди. У ўз қувончини яширмай, бу эътироф унга янада катта куч ва ишонч бағишлаганини таъкидлади.

— Бу ғалаба мен учун нафақат катта бахт, балки улкан масъулият ҳамдир. Менга билдирилган ишонч ва эътибор учун барчага самимий миннатдорчилик билдираман. Келгусида ҳам ўз билимим, иқтидорим ва меҳнатим билан халқимга муносиб хизмат қилишга ҳаракат қиламан, — деди у.
Тадбир миллий маданиятни асраб-авайлаш ва тарғиб этишда ёшларнинг иштирокини рағбатлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ҳамда маданий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилди.
Нигора Раҳмонова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА