"Tata Steel Chess -2026": Бугун Абдусатторов Туркия, Синдоров Ҳиндистон вакили билан баҳс олиб боради
Бугун, 17 январь куни Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Tata Steel Chess -2026” турнирининг 1-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Бу йилги турнирнинг “Masters” гуруҳида энг кучли шахматчилар қаторида терма жамоамиз аъзолари Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров қатнашаётгани эътиборли воқелик бўлди.
13 та турдан иборат “Masters” гуруҳида Абдусатторов ва Синдоров Праггнанандха Рамешбабу, Аржун Эригаиси, Аниш Гири, Винсент Каймер, Гукеш Доммаражу, Ханс Ниманн, Владимир Федосеев, Аравинд Читхамбарам, Жорден ван Форест, Маттиас Блюбаум, Тай Дай Ван Нгуен, Ягиз Хаан Эрдогмус билан баҳс олиб боради.

Нуфузли мусобақанинг илк турида Нодирбек қора доналарда туркиялик Ягиз Хаан Эрдогмус билан, Жавоҳир Синдоров ҳиндистонлик, амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан куч синашади.
Айтиш лозим, 2025 йил Вейк-ан-Зееда ўтган 87-Tata Steel Chess мусобақасида 8,5 очко жамғарган Праггнанандха тай-брекда Гукеш Доммаражуни мағлуб этиб, ғолиб бўлган бўлса, Абдусатторов 8 очко билан 3-ўринни эгаллаган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Tata Steel Chess - 2026” турнири 1 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА