Ташрифдан ташрифгача: Тошкент вилояти янги тараққиёт босқичида
Ҳар бир ҳудуд тараққиёти, аввало, унинг мавжуд имкониятларидан қай даражада самарали фойдаланилаётгани, аҳоли турмушида қандай ўзгаришлар юз бераётгани билан ўлчанади. Бу жиҳатдан Паркент туманида кейинги даврда амалга оширилаётган ишлар, иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб этиш, туризм салоҳиятини кенгайтириш ва аҳоли бандлигини оширишга қаратилган лойиҳалар эътиборга молик.
2025 йил 18 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Паркент туманига ташрифи давомида ҳудуднинг иқтисодий ва туристик имкониятларини ишга солиш, инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Ўша ташрифда Паркентнинг тоғли ҳудудлари ва табиий салоҳиятидан фойдаланиб, туризмни ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди. Бугун туманда олиб борилаётган ишларга ана шу вазифаларнинг мантиқий давоми сифатида қараш мумкин.
Паркент иқтисодиётида саноат, инвестиция, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва туризм асосий ўсиш нуқталари сифатида белгиланган. 2026 йил якунига қадар саноат ишлаб чиқариш ҳажмини 1,6 триллион сўмга, қурилиш ишларини 1,5 триллион сўмга, хизматлар ҳажмини 2,6 триллион сўмга, чакана савдо айланмасини 1,7 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми бўйича эса 4,2 триллион сўмлик марра белгиланган. Бу кўрсаткичлар иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўсишни таъминлаш билан бирга, янги иш ўринлари ва аҳоли даромадларини ошириш учун ҳам замин яратади.

Ўтган даврда туманга 60,7 миллион доллар хорижий инвестиция жалб қилинган. Йил якунигача яна 8 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш ва улар ҳисобига 750 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу борада “Паркент Фарм” эркин иқтисодий зонаси муҳим ўрин тутади. Унда умумий қиймати 52 миллион доллар бўлган 14 та лойиҳани амалга ошириш, натижада 967 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, қиймати 25 миллион доллар бўлган “GREAT KOMAX” корхонасининг руда ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам истиқболли ташаббуслардан бири ҳисобланади. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида 70 та доимий иш ўрни яратилиши ва бюджетга 18 миллиард сўм қўшимча тушум таъминланиши кутилмоқда.
Демак, Паркентда инвестиция сиёсати фақат маблағ жалб этиш билан чекланмаяпти. Унинг муҳим натижаси сифатида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, янги корхоналарни ишга тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва маҳаллий бюджет даромадларини ошириш вазифалари ҳам кўзда тутилган.

Паркентнинг иқтисодий салоҳиятини белгилайдиган яна бир муҳим тармоқ – қишлоқ хўжалиги. Бу ердаги боғдорчилик ва узумчилик анъаналари, табиий-иқлим шароити соҳани янада ривожлантириш учун имконият яратади. Жорий йилда 16,3 минг гектар майдонда янги боғ ва токзорлар ташкил этилган, 3,4 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик йўналишларида 13 та лойиҳа амалга оширилган. Бу йил охиригача яна 2 минг гектар майдонда интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш режалаштирилган.

Эндиликдаги асосий вазифа фақат экин майдонларини кенгайтириш эмас, балки ҳар бир гектардан олинадиган даромадни ошириш, етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш ва бозорга тайёр маҳсулот сифатида чиқаришдан иборат. Шу нуқтаи назардан, Паркентда узумни қайта ишлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлашга ихтисослашган лойиҳа алоҳида аҳамиятга эга. Бундай ташаббуслар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хомашё сифатида сотишдан кўра, уларни қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш имконини беради.
Ҳудуднинг энг катта устунликларидан бири унинг табиий манзаралари, тоғли ҳудудлари, сўлим қишлоқлари ва ўзига хос сайёҳлик масканларидир. 2025 йилги давлатимиз раҳбарининг ташриф давомида ҳам айнан шу салоҳиятдан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилганди.

Ўша пайтда Кумушконда 80 дан ортиқ меҳмон уйи фаолият юритиб, йилига 172 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсатаётгани қайд этилган. “Олтин бел ҳудудидаги туристик лойиҳалар, Паркентсой бўйидаги инфратузилмани яхшилаш ва янги дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланган эди.
Ҳозир ҳам туманда туризм хизматлари кўлами кенгайиб бормоқда. Жойларда 144 та меҳмон уйи, 100 та оилавий дам олиш маскани, 3 та янги туризм объекти ҳамда 50 та овқатланиш ва сервис шохобчаси ташкил этилгани қайд этилган. 2026 йилда туманга 249 минг нафар сайёҳ жалб қилинган. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 1 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган.

Туризмни маҳаллий аҳоли даромадининг муҳим манбаига айлантириш мақсадида Сўқоқ, Заркент ва Кумушкон маҳаллаларида “Parkent Guest House” ягона бренди остида эко ва этно-меҳмонхоналар кластерини ташкил этиш таклифи ҳам илгари суриляпти. Унга кўра, 120 та хонадонни босқичма-босқич оилавий меҳмон уйларига мослаштириш, ягона стандарт асосида жиҳозлаш, хонадон эгаларига сервис ва меҳмон кутиш бўйича ўқувлар ташкил этиш, онлайн бронлаш ва тўлов платформасини ишга тушириш назарда тутилган.
Шунингдек, туристларни жалб қилиш имкониятини 2,5 баробаргача ошириш мақсад қилинган.
Бу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, туризмдан келадиган иқтисодий самара фақат йирик мажмуалар ёки меҳмонхоналар билан чекланмайди. У маҳалладаги хонадонлар, ҳунармандлар, овқатланиш шохобчалари, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатувчи субъектлар даромадига ҳам таъсир кўрсатади.

Паркентнинг кейинги тараққиёт босқичида бир-бири билан узвий боғлиқ учта йўналиш муҳим аҳамият касб этади. Биринчиси – саноат ва инвестиция. Иккинчиси – юқори даромадли қишлоқ хўжалиги. Интенсив боғ ва токзорларни кенгайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш орқали тармоқ самарадорлигини ошириш кўзда тутилмоқда. Учинчиси – туризм ва хизматлар соҳаси. Бунда ҳудудларнинг имкониятларини ягона туристик йўналишлар асосида ривожлантириш, оилавий меҳмон уйлари тармоғини кенгайтириш, маҳаллий аҳолини сервис соҳасига жалб қилиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Буларнинг барчаси бир мақсадга – ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини аҳоли фаровонлигига хизмат қилдиришга қаратилган. Зеро, янги корхона ишга тушиши, экспорт ҳажми ортиши ёки сайёҳлар оқимининг кўпайиши ўз-ўзидан якуний натижа эмас. Уларнинг аҳамияти яратилган иш ўринлари, оилалар даромади, маҳаллий бюджет имкониятлари ва аҳоли турмушидаги ижобий ўзгаришлар билан намоён бўлади.

Президентимизнинг 2025 йилги ташрифида белгиланган вазифалар, бугун амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгуси режалар Паркент тараққиётининг изчил жараён эканини кўрсатади. Навбатдаги ташриф арафасида эса эришилган натижаларни холис баҳолаш, ҳали ишга солинмаган имкониятларни аниқлаш ва янги вазифаларни белгилаш муҳим аҳамият касб этади.
Ташрифдан ташрифгача бўлган давр бу, аввало, белгиланган вазифаларнинг амалдаги натижаларга айланиш давридир. Паркент учун ҳам бу жараённинг бош мезони иқтисодий ўсиш билан бирга, одамлар ҳаётида сезиладиган ўзгаришлар бўлиб қолади.
А.Мусаев, ЎзА