Ҳалоллик ва қонун устуворлиги ҳақида мулоқот
Ҳалоллик — инсоннинг шахсий фазилатигина эмас, балки жамият тараққиёти, давлатга ишонч ва адолат барқарорлигини таъминлайдиган муҳим мезондир. Шу боис коррупцияга қарши курашиш, унинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда ёшлар ўртасида юксак ҳуқуқий маданиятни қарор топтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда, айниқса, таълим муассасаларида ҳалоллик тамойилларини қарор топтириш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва масъулиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро давлат педагогика институти Ҳарбий таълим факультетида “Ҳалоллик марафони: 3 соҳа — 1 тамойил” республика тарғибот акцияси доирасида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир ҳам ана шу мақсадларга қаратилди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши мутахассислари, факультет профессор-ўқитувчилари, институтнинг Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс назорат” бўлими ходимлари ҳамда талабалар иштирок этишди.
Мулоқот давомида коррупциянинг жамият тараққиётига тўсиқ бўлиши, давлат ва жамоат ташкилотлари фаолияти самарадорлигига путур етказиши, таълим сифати ҳамда фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончига салбий таъсири атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашишни фақат ҳуқуқий чоралар, назорат ва жазо билан чеклаб бўлмайди. Бу иллатга қарши энг самарали тўсиқ, аввало, инсоннинг онги, дунёқараши ва шахсий эътиқодида шаклланадиган ҳалоллик, виждон, масъулият ва қонунга ҳурмат туйғусидир. Шу маънода, ҳалоллик муҳитини қарор топтириш ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаёти ва фаолиятида адолат тамойилларига амал қилиши билан чамбарчас боғлиқ.
Айниқса, ҳарбий таълим йўналишида таҳсил олаётган ёшлар учун бу масала алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, Ватан ҳимоясига шай бўлган, келажакда масъулиятли вазифаларни зиммасига оладиган мутахассис нафақат касбий билим ва жисмоний тайёргарликка, балки мустаҳкам ирода, юксак маънавият, қатъий интизом ва адолатпарварлик фазилатларига ҳам эга бўлиши зарур. Бундай кадр ҳар қандай шароитда қонун талабларига риоя қилиши, хизмат бурчини виждонан бажариши ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз позицияда туриши лозим.

Шунингдек, олий таълим муассасаларида шаффофликни таъминлаш, таълим ва баҳолаш жараёнларида холисликка амал қилиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бу борада раҳбарият, педагоглар ва талабаларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, ҳар бир иштирокчининг шахсий масъулияти муҳим омил экани қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП вакиллари томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари партиянинг қонун устуворлиги, ижтимоий адолат ва коррупцияга қарши муросасиз кураш тамойилларини кенг жамоатчиликка етказиш, ёшларда ҳуқуқий онг ва фуқаролик масъулиятини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар коррупциядан холи муҳитни шакллантириш ҳар бир инсоннинг шахсий танлови ва қатъий ҳаётий позициясидан бошланиши, бу борада бефарқликка йўл қўймаслик зарурлиги ҳақида фикр билдирдилар.
Дарҳақиқат, ҳалоллик қарор топган жойда адолат устувор бўлади, ишонч мустаҳкамланади. Қонунга ҳурмат ва виждонан меҳнат қилиш эса тараққиётнинг ишончли пойдеворини яратади. Шу боис ҳалолликни шиор эмас, ҳаёт меъёрига айлантириш бугунги ёш авлод олдидаги энг муҳим маънавий вазифалардан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири