Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукн орқали Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчилар томонидан иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Франция. Париждаги элчихонамизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вакиллари билан ишчи учрашув ўтказилди. Мулоқот давомида жорий йил октябрь ойида Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО халқаро конференцияси ва унда Ислом цивилизацияси маркази тақдимотини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланишича, ушбу нуфузли конференция доирасида ўлкамизнинг бой тарихи, кўп асрлик анъаналари ва ноёб маданий меросини кенг тарғиб қилишга қаратилган маданий тадбирлар ташкил этилади.

Черногория. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шаҳавдинов ушбу ўлка бош вазирининг ташқи ва Европа ишлари бўйича ўринбосари Филип Иванович билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида Ўзбекистон - Черногория муносабатларини янада мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ҳукуматлараро комиссия тузиш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни фаоллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Япония. Токио шаҳридаги элчихонамизда Кембучи шаҳри мэри Масаҳару Нишиока билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ҳудудлари билан Кембучи ўртасида биродарлик алоқаларини йўлга қўйиш, маҳаллий делегациялар алмашинуви, қишлоқ хўжалигида тажриба ва технологиялар алмашинуви, шунингдек, ёшлар алмашинувини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Кембучида Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш, миллий таомлар ва туризм салоҳиятини тарғиб этиш, шаҳар аҳолиси учун Ўзбекистонга сайёҳлик сафарларини йўлга қўйиш ҳамда 2027 йилда Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан қўшма маданий тадбирлар ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.

Польша. Лодзь шаҳрида Наманган классик кийимлар ишлаб чиқарувчи “IMIR” бренди остидаги енгил саноат корхонасининг Европадаги биринчи савдо дўконининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистон енгил саноат соҳасининг салоҳияти, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятлари ҳамда мамлакат маҳсулотларини Европа ҳудудида кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА