Бугунги видеоселектор йиғилишида олий ўқув юртларидаги 1,5 мингта кафедранинг тармоқ корхоналари билан самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Бунда, ҳамкорликнинг шакллари, кафедра ва корхонанинг ўзаро мажбуриятлари, яъни амалиётдаги қандай муаммолар илм орқали ҳал қилиниши аниқ белгиланади.
Тармоқлар билан ишламайдиган кафедралар ёпилади.
Президентимиз вилоят ҳокимлари тармоқ раҳбарлари билан бирга, кафедра ўқитувчиларининг корхоналарда амалий тадқиқотлар ўтказишига шароит яратиб бериши кераклигини қайд этди.
Йиғилишда тармоқ корхоналари билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган кафедралар ҳақида ҳам айтилди. Мисол учун, Тошкент кимё-технология институтининг Силикат материаллар, нодир металлар кимёвий технологияси кафедраси «Фотон» корхонаси билан, Тошкент фармацевтика институтининг Фармацевтик кимё кафедраси «Темур мед фарм» корхонаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
ЎзА