Тарихий фожиа қурбонлари хотирланди
Чернобиль ҳалокати 1986 йил 26 апрель куни Украинанинг Припят шаҳри яқинида жойлашган Атом электр станцияси 4-реактори портлаши оқибатида юз берган инсоният тарихидаги энг даҳшатли фожиалардан биридир. Ҳодиса чоғи атрофга мислсиз миқдорда радио фаол модда тарқалган. Халқаро АЭС ташкилоти Чернобиль фожиасини 7 балл билан баҳолаб, ҳозиргача юз берган энг йирик авариялардан бири сифатида таъкидлаб келади.
Воқеадан кейин дастлабки уч ойда 31 киши ҳалок бўлган. 1987-2004 йиллар оралиғида яна 19 инсоннинг ўлими бевосита мазкур фалокат оқибати билан боғланган. Мажмуани тозалашда иштирок этганлардан 134 нафари турли даражада ўткир нурланишга чалинган.
26 апрель тарихда яна бир йирик фожиа билан хотирланади. 1966 йил худди шу куни Тошкент шаҳрида рўй берган кучли зилзиладан ҳам жуда кўп инсон жабр кўрган. Қайд этилган тахминан 5.2 магнитуда одатда жуда юқори ҳисобланмаса-да, ўчоғи ер сатҳига яқинлиги туфайли 7-8 балл кучига тенг силкиниш юз берган. Натижада шаҳар ҳудудидаги кўплаб иншоотлар жиддий талафот кўрган. Ер 10-12 сония давомида тебраниб турган. Қурбонлар сони камлиги, яъни 8 киши ҳалок бўлиб, бир неча юз киши жароҳатлангани эса силкиниш бўйламалиги билан изоҳланади. Афсуски, ҳодисадан кейинги юрак ва асаб хасталиклари туфайли қурбонлар сони ортган.
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитада Тошкент зилзиласининг 60 йиллиги ҳамда Чернобиль фожиасининг 40 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Хотира замондан қудратли!” деб номланган анжуманда Қўмита раҳбарияти, Россия Федерацияси ҳамда Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчихоналари ходимлари, миллий маданий марказлар вакиллари, жамоатчилик фаоллари ва ёшлар иштирок этди.
Тўпланганлар тарихда чуқур из қолдирган ушбу аянчли воқеаларнинг инсоният ҳаётидаги ўрни, фалокатлардан чиқарилган сабоқ, тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг қадр-қиммати ҳақида фикр билдирдилар. Хусусан, 1966 йилги Тошкент зилзиласи оқибатини бартараф этишда турли миллат вакилларининг бирдамлиги, фидокорона меҳнати қўл келгани, Чернобиль фожиаси мисолида эса экологик хавфсизлик ҳамда глобал масъулият масаласи нечоғли долзарблиги эътироф этилди.
[gallery-28992]
Сўнгра Чернобиль фожиаси ва Тошкент зилзиласига бағишланган видеороликлар намойиш этилди. Беларусь, Рус, Татар, Грузин, Корейс, Украин ва Поляк маданият марказлари ижодий жамоалари томонидан турли миллатларнинг куй-қўшиқлари, бадиий чиқишлари тақдим этилди.
Мазкур анжуман тарихий хотирани асраш, турли миллатлар ўртасидаги дўстлик риштасини мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат қадриятини кенг тарғиб этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Гўзал Сатторова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА