Депутатлар ўрганиш олиб борди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида жойларда олиб борилаётган ислоҳотлар, инвестиция дастурлари ижроси ҳамда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Э.Аслонова, Г.Райханова ва С.Утемуратова Бухоро вилоятида бўлиб, инвестициявий дастурлар ижроси, янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Депутатлар Когон туманида жойлашган Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси махсус саноат паркидан бўлиб, ҳудудда инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, замонавий муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ишлаб чиқаришни тезкор йўлга қўйиш имкониятлари ҳамда солиқ ва ташкилий имтиёзлар билан танишди.

Бу ерда истиқболда кўплаб инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, минглаб янги иш ўринларини яратиш ва ҳудуд иқтисодиётига қўшимча қиймат киритиш режалаштирилган. Бу эса Когон тумани ва умуман Бухоро вилоятини йирик саноат марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Ўрганишларнинг навбатдаги манзили Бухоро шаҳрида фаолият юритаётган “TIBTEXNIKA” масъулияти чекланган жамият бўлди. У ерда инвестиция дастурлари асосида тиббий буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Хусусан, корхонада юқори технологияли тиббий маҳсулотлар — коронар стентлар, диагностик ускуналар ҳамда бир марталик тиббий воситалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Айни пайтда корхона маҳсулотларининг маълум қисми ташқи бозорларга экспорт қилиниб, мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшмоқда. Депутатлар ишлаб чиқариш жараёни, маҳсулот сифати ва технологик жиҳозланиш даражасини кўздан кечирар экан, мазкур лойиҳанинг ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасини замонавий маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Бухоро шаҳридаги “Камалак Шабнам текс” МЧЖ фаолияти ҳам ўрганилди. Корхона томонидан амалга оширилаётган тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 15 миллион долларга тенг бўлиб, унинг доирасида 150 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, корхонада йилига 4 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш ва матони бўяш қуввати шакллантирилади.
Ўрганишлар давомида тадбиркорлар томонидан билдирилган айрим муаммо ва таклифлар ҳам тингланди. Уларни ҳал этиш юзасидан амалдаги қонунчилик нормалари асосида тегишли тушунтиришлар берилди, масъул идоралар олдига вазифалар қўйилди.
Зариф Комилов, ЎзА