Тарих ва спорт уйғунлашган халқаро марафон
Қадимий ва навқирон Бухоро шаҳри яна бир нуфузли халқаро тадбирга мезбонлик қилди. Samarkand Marathon сериясига кирувчи анъанавий хайрия югуриш мусобақаси – Bukhara Night Race-2026 юксак савияда ташкил этилди. Бешинчи бор ўтказилган мазкур тунги пойга нафақат спорт мусобақаси, балки маданият, туризм ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи йирик халқаро лойиҳа сифатида катта аҳамият касб этди.
Тарихий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва меҳмондўстлиги билан машҳур Бухоро бу гал ҳам югуриш ишқибозларини бир майдонга жамлади. Шаҳар кўчаларида кечган мусобақа иштирокчиларга унутилмас таассуротлар бахш этди.
Жорий йилги мусобақада дунёнинг 26 давлатидан 3500 нафардан ортиқ иштирокчи ва меҳмон қатнашди. Улар орасида профессионал спортчилар, ҳаваскор югурувчилар, болали оилалар ҳамда илк бор стартга чиққан қатнашчилар ҳам бор эди.
Мусобақада иштирок этган давлатлар орасида Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Япония, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Беларусь, Хитой, Польша, Жанубий Корея, Дания, Норвегия, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Покистон, Туркия, Украина, Афғонистон, Бельгия, Бруней, Италия, Жанубий Африка Республикаси ва Қирғиз Республикаси каби мамлакатлар борлиги тадбир нуфузини янада оширди.
Иштирокчиларнинг ёши 3 ёшдан, 79 ёшгача бўлди. Бу эса спортнинг барча учун очиқ ва умуминсоний қадрият эканини яна бир бор намоён этди. Старт ва финиш нуқтаси анъанавий равишда Бухоронинг рамзи ҳисобланган Арк қўрғони олдида жойлашди. Югурувчилар Лаби Ҳовуз мажмуаси, Токи Телпакфурушон ва Тим Абдуллахон савдо гумбазлари, Пойи Калон ансамбли ҳамда машҳур Калон минораси ёнидан ўтди. Кечки ёритиш тизими, қадимий шаҳар муҳити ва байрамона кайфият мусобақага ўзига хос жозиба бағишлади.
Мусобақанинг энг ёрқин воқеаларидан бири 10 километр масофада янги трасса рекорди ўрнатилгани бўлди. Россиялик спортчи Ринас Аҳмадеев масофани 28 дақиқа 42 сонияда босиб ўтиб, Bukhara Night Race тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Аввалги рекорд 2024 йилда Андрей Петров томонидан 30 дақиқа 15 сония натижа билан ўрнатилган эди. Янги натижа мусобақанинг рақобат даражаси йил сайин ошиб бораётганини кўрсатди.
Мусобақа дастури турли ёш ва имконият эгалари учун мос равишда шакллантирилди. Унда 21,1 километр ярим марафон, 10 километр, 5 километр, 2 километр скандинавча юриш, 60 метрдан 1000 метргача бўлган болалар югуришлари ташкил этилди.
Старт жараёнини қулай ташкил этиш мақсадида иштирокчилар тезлигига қараб кластер тизими жорий этилди. Шунингдек, 21,1 км ва 10 км масофалар халқаро даражада тан олинган World Athletics ва AIMS ташкилотлари томонидан сертификатлангани мусобақа мақомини янада юксалтирди.
Бу йилги янгиликлардан бири – югуриш экскурсияси бўлди. Унда 100 нафардан ортиқ иштирокчи спорт билан шуғулланган ҳолда Бухоронинг диққатга сазовор жойлари, тарихи ва маданий мероси билан танишиш имконига эга бўлди. Мазкур шакл спорт, саёҳат ва маърифатни бирлаштиргани билан янада аҳамиятли бўлди.
Тадбир доирасида “Avvalgidan tozaroq” дастури асосида плоггинг акцияси ҳам ўтказилди. Бу югуриш жараёнида чиқиндиларни йиғишга қаратилган экологик ҳаракатдир. Иштирокчилар тарихий шаҳар тозалигига ўз ҳиссасини қўшиб, экологик маданиятни тарғиб этди.
Финиш ҳудудида иштирокчилар ва меҳмонлар учун электрон мусиқа лойиҳаси QARAQOOM чиқиш қилди. Минтақа маданияти ва табиатидан илҳомланган мазкур жамоа ўз чиқишлари билан тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Samarkand Marathon серияси 2025 йилда SheRACES аккредитациясини олган бўлса, 2026 йилдан эса БМТ Аёллар ташкилоти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу эса спорт орқали тенглик, инклюзивлик ва хотин-қизлар фаоллигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
[gallery-28859]
Мазкур йирик тадбир Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF) томонидан ташкил этилди. Samarkand Marathon 2026 бош ҳамкорлари Халқ банки, Xazna, APEX INSURANCE. Шунингдек, тадбирни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлик қилди.
Bukhara Night Race-2026 Бухоронинг нафақат тарихий ва сайёҳлик маркази, балки халқаро спорт тадбирларини юқори савияда қабул қила оладиган замонавий шаҳар эканини яна бир бор намоён этди.
Мазкур марафон орқали Бухоро дунё халқларини дўстлик, соғлом турмуш тарзи ва маданий мерос атрофида бирлаштирди. Шубҳасиз, Bukhara Night Race келгуси йилларда ҳам юртимизнинг энг нуфузли спорт анжуманларидан бири сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб боради.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари