Тарих, тафаккур ва миллий ўзликни англаш
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида тарихий хотира, миллий тафаккур ва маънавий меросни ўрганишга бағишланган учта муҳим китоб тақдимоти бўлиб ўтди. «Германияда Туркистон адабиёти», «Collectivization Generation: Oral Histories of a Social Revolution in Uzbekistan» ва «Жадид фалсафаси ва миллий идентиклик» номли асарлар ўтмишнинг турли даврларини, уларда кечган ижтимоий жараёнларни ва миллат тараққиётига таъсир кўрсатган ғояларни ўрганишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Тақдимотда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева китобхонлик маданиятини юксалтириш, илмий адабиётларни кенг тарғиб этиш ва маърифий меросни келажак авлодга етказишда китоб тақдимотларининг ўрнини таъкидлади. Айниқса, жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган нашрларга ёшларнинг қизиқиши ортиб бораётгани эътироф этилди.
Дарҳақиқат, тарихни англаш бу фақат ўтмиш воқеаларини билиш эмас, балки бугунги куннинг маънавий асосларини тушуниш, миллий ўзлик ва тафаккурнинг шаклланиш жараёнларини чуқурроқ идрок этиш ҳамдир. Тақдимотдаги уч асар ҳам ана шу жиҳатлари билан эътиборга молик.

Темур Хўжа ўғли, Шаҳноза Мадаева ва Шаҳноза Назарова ҳаммуаллифлигида чоп этилган «Германияда Туркистон адабиёти» китобида XX аср Туркистон ижтимоий-сиёсий, маданий ва маърифий ҳаётида муҳим ўрин тутган жадидчилик ҳаракати издошларининг Германиядаги фаолияти, уларнинг илмий-адабий мероси ва хорижда яратган асарлари ёритилган. Бу тадқиқот Туркистон зиёлиларининг фаолиятини кенгроқ ўрганиш, уларнинг миллий маданият ва маърифат ривожига қўшган ҳиссасини англаш имконини беради.
Америкалик тадқиқотчи Марианна Кампнинг «Collectivization Generation: Oral Histories of a Social Revolution in Uzbekistan» монографияси эса шўролар даврида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш жараёнини сиёсий қарорлар билангина чекланиб қолмай, оддий инсонларнинг ҳаёти, хотиралари ва шахсий тажрибалари орқали таҳлил қилади. Бу ёндашув тарихий воқеликнинг инсон тақдирида акс этган жиҳатларини англашга хизмат қилади.

Шаҳноза Мадаеванинг «Жадид фалсафаси ва миллий идентиклик» монографиясида жадидчилик таълимининг фалсафий асослари, миллий ўзликни англаш масалалари ҳамда жадид зиёлиларининг давлат, илм-маърифат, дин, сиёсат ва тил ҳақидаги қарашлари таҳлил этилган. Асар жадидлар илгари сурган ғоялар ва уларнинг миллий тафаккур ривожидаги ўрнини ўрганишга қаратилгани билан муҳимдир.

Тадбирда ушбу китобларнинг мазмун-моҳияти, илмий-амалий аҳамияти ва Ўзбекистон тарихини ўрганишдаги ўрни юзасидан фикр алмашилди. Китоб муаллифлари Темур Хўжа ўғли ва Марианна Камп Zoom платформаси орқали иштирок этиб, ўз илмий изланишлари, асарларни тайёрлаш жараёни ва тадқиқотларнинг муҳим жиҳатлари ҳақида маълумот берди.

Тақдимот якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Мулоқот давомида миллий тарих ва жадидлар меросини ўрганиш, илмий тадқиқотларни кенг китобхонлар оммасига етказиш ҳамда мутолаа маданиятини ривожлантиришнинг аҳамияти яна бир бор намоён бўлди.
Зеро, тарихий меросни ўрганиш ўтмишни эслашгина эмас, балки миллатнинг маънавий қиёфаси, тафаккури ва тараққиёт йўлини англашдир. Миллий кутубхонада ташкил этилган мазкур тақдимот ҳам ана шу мақсад йўлида китоб, илм ва тарих атрофидаги мулоқотни янада бойитди.
Н.Усмонова,
ЎзА