Тарифлар ошиши эскирган қозонхоналар ва тизимдаги катта йўқотишларга чек қўядими?
Марказлашган иссиқлик таъминоти бевосита табиий газ ва электр энергиясига боғлиқ. Энергия ресурслари нархларининг босқичма-босқич эркинлаштирилиши сувни иситиш ва хонадонларга етказиб бериш харажатларини ошириб юборди.
Ҳозирги кунда аҳоли тўлаётган тарифлар реал харажатларнинг кам қисмини қоплайди. Қолган тафовут эса давлат бюджети ҳисобидан субсидия қилинмоқда. Шу йилнинг 1 ноябридан республика бўйича иситиш ва иссиқ сув тарифларини ўртача 30 фоизга ошириш таклиф этилган эди. Бу чора давлат зиммасидаги субсидия юкини камайтиришга ва тежалган маблағларни манзилли ижтимоий ҳимояга йўналтиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Хўш, нархлар ошишига реал асос нима? Соҳа нега ҳамон зарар кўрмоқда ва қўшимча тушумлар қаерга сарфланади?
Молия вазирлиги маълумотига кўра, тарифларнинг ўртача 30 фоизга оширилиши иссиқлик таъминоти корхоналари ҳисобига йилига қўшимча 310 миллиард сўм тушишини таъминлайди. Бироқ «Иссиқликтаъминоти» АЖ мутахассисларининг тушунтиришича, амалдаги тарифлар хизматнинг ҳақиқий таннархини тўлиқ қопламайди. Шу сабабли, корхоналар узлуксиз ишлаши учун давлат ҳар йили субсидия ажратишга мажбур бўлмоқда. Тарифларнинг оширилиши ушбу молиявий юкни босқичма-босқич камайтиришга қаратилган.

Қўшимча тушумнинг барчаси эскирган қозонхоналарни таъмирлашга сарфланадими?
Йўқ. Маблағларнинг катта қисми аввало корхоналарнинг жорий харажатларини, яъни қимматлаган газ ва электр тўловларини қоплашга йўналтирилади. Таъмирлаш ва модернизация учун жами таннархнинг бор-йўғи 7-8 фоизи сарфланиши режалаштирилган. Бу харажат ҳудудлар инфратузилмасига қараб, кичик корхоналарда йилига 10 миллиард, йирикларида эса 500 миллиард сўмгача етиши мумкин. Аҳоли учун энг муҳим масала шуки, тўлов ошиши билан бирга чириган қувурлар ва эски қозонхоналар янгиланиши шарт.
«Иссиқликтаъминоти» АЖ маълумотига кўра, соҳа корхоналари 2025 йилда 70 миллиард сўм, 2026 йилнинг биринчи ярмида эса қарийб 120 миллиард сўм зарар кўрган. Жорий йилдаги зарарнинг 65-70 миллиарди энергия ресурслари нархининг ошиши ва тарифларнинг пастлиги билан боғлиқ. Қолган 30-35 миллиарди тармоқдаги йўқотишлар, 15-20 миллиард сўми эса аварияларни бартараф этиш учун сарфланган. Харажатлар тушумдан кўплиги сабабли улкан иқтисодий зарар юзага келмоқда. Бироқ тизимдаги исрофгарчиликлар ҳам чуқур таҳлил қилиниши лозим.
Тизимдаги йўқотишлар қандай? Молия вазирлиги маълумотларида марказлашган иссиқлик таъминотидаги умумий йўқотишлар 29 фоиз деб кўрсатилган. Бунга эски қувурлар ва изоляциянинг талабга жавоб бермаслиги сабаб. Ҳукумат 2027 йил якунига қадар йўқотишларни 25 фоизгача туширишни мақсад қилган.

Тошкент шаҳри мисолида кўрсак, ҳозир пойтахтда 1 Гкал иссиқлик энергияси тарифи аҳоли учун 156 643 сўм. Лекин бунинг таннархи 797 038 сўмга тушмоқда. Яъни, одамлар реал харажатнинг фақат 20 фоизини тўламоқда. Тариф 30 фоизга ошса, аҳоли учун 1 Гкал нархи 203 636 сўмга етади, таннарх эса 836 265 сўмни ташкил қилади. Демак, тарифлар ошганда ҳам аҳоли тўлайдиган нарх таннархдан қарийб тўрт баравар паст бўлиб қолади ва давлат субсидиялари сақланиб қолади. Албатта, ҳар бир вилоятнинг ўзига хос инфратузилмаси борлиги учун тарифлар ҳудудлар кесимида фарқланади.
Молия вазирлиги иссиқлик энергияси таннархини 15 фоизга арзонлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқмоқда. Ички харажатлар ва исрофгарчиликларни кесиш орқали бунга эришиш мумкин. Шунингдек, «Иссиқликтаъминоти» АЖ йил охиригача замонавий биллинг тизимини тўлиқ ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу шаффоф тизим ўғриликлар ва асоссиз қарздорликларга барҳам беришга хизмат қилиши кутилмоқда. Бироқ энг замонавий электрон ҳисоб-китоб ҳам уйни иситмайди. Бунинг учун биринчи галда моддий инфратузилма янгиланиши шарт.
Тариф ошишидан кўпаядиган маблағлар қандай назорат қилинади? Маблағлар ҳаракати давлат ва аудит органлари томонидан назорат қилинади. Ҳисоботлар «Иссиқликтаъминоти» АЖ сайтида очиқ эълон қилиб борилади. Лекин жамоатчиликка қуруқ молиявий ҳисоботлар етарли эмас. Уларга аниқ кўрсаткичлар, неча километр қувур янгилангани, қайси қозонхона алмаштирилгани каби реал натижалар кўрсатилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, тарифларни ошириш тизимни сақлаб қолиш учун мажбурий заруратдир. Эндиги энг асосий масала эса бу режаларнинг амалда қандай ижро этилишида. Йўқотишлар чиндан камаядими? Авариялар барҳам топадими? Бу саволларга хонадонларимиздаги иссиқлик даражаси ва очиқ ҳисоботларгина жавоб беради.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА