Тарбияланувчиларга меҳр ва эътибор улашилди
Янгиер шаҳридаги ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун “Ғамхўрлик” марказида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, майор Лола Халилова бошчилигидаги божхона тизими ходимлари иштирок этишди. Улар марказда парваришланаётган ва даволанаётган хотин-қизларни байрам билан қутлаб, уларга совғалар топширди.
Самимий мулоқотларда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Байрам дастурида марказ тарбияланувчиларининг ижодий ишлари ҳам намойиш этилди. Кўргазмада улар томонидан тайёрланган турли рангдаги гуллар, қўғирчоқлар, тасвирий санъат намуналари, тикиш-бичиш ишлари, ип, қоғоз ва бошқа материаллардан яратилган буюмлар жой олди.

Ижод намуналари марказдаги хотин-қизларнинг қобилияти ва меҳнатсеварлигини намоён этди. Оддий материаллардан яратилган ранг-баранг буюмлар эса уларнинг гўзалликка интилиши ва яратишга бўлган қизиқишидан дарак берди.

Тадбирнинг бадиий қисмида саҳна кўринишлари намойиш қилиниб, куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Марказ тарбияланувчиларининг чиқишлари даврага кўтаринки кайфият бағишлади.

Байрам тадбирида Ватанга муҳаббат, тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат ҳамда инсон қадри каби эзгу туйғулар тараннум этилди.

Мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбир марказдаги хотин-қизларга нафақат байрам кайфияти, балки уларга бўлган эътибор ва ғамхўрликни ҳам ҳис этиш имконини берди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири