Тарғибот тадбирлари йўлларда хавфсизликни таъминламоқда
Вилоят ҳудудида жума тарғибот куни тадбири доирасида пиёдалар, велосипед ҳайдовчилари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарори билан ҳар ҳафта жума куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни этиб белгиланган. Карантин талаблари юмшатилиши билан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан мазкур йўналишдаги ишлар яна кучайтирилди.
Вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар беришича, бу галги тарғибот тадбирлари содир этилган қоидабузарликларни маҳаллаларда, фуқаролар ўртасида муҳокама қилишга қаратилди. Айниқса, транспорт воситасини спиртли ичимликдан маст бўлган ҳолда бошқариш, транспорт бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларнинг автомобиль бошқариши каби қоидабузарликлар муҳокамаси алоҳида эътиборда бўлди. Сабаби, сентябрь ойининг ўтган 10 кунлигида вилоят ҳудудида 184 маст ҳамда 298 тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқарган ҳайдовчилар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Жума куни ўтказилган тарғибот тадбирларида маст ҳолда транспорт бошқарган 42 ва тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқарган 56 ҳайдовчи ўз турар жойида, оила аъзолари ҳамда маҳалладошлари иштирокида муҳокама қилинди. Улар содир этган қоидабузарликларнинг салбий оқибатлари аниқ мисоллар ёрдамида тушунтирилди. Шунингдек, тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқариш оқибатида келиб чиқадиган нохушликларга изоҳлар берилди.
Булардан ташқари, фуқаролар кўп тўпланадиган жойлар, хусусан, автошоҳбекатлар ва бозорлар атрофида ҳам тарғибот ишлари олиб борилди. Вилоят ҳудудида жума тарғибот куни тадбири доирасида пиёдалар, велосипед ҳайдовчилари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Бу суҳбатларда ҳар бир иштирокчига тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ва улар амал қилиши шарт бўлган талаблар тушунтирилди.