Халқимиз ҳаётини фаровонлаштириш йўлидаги ислоҳотлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнларида яққол намоён бўлмоқда. Сенат ялпи мажлисида шу масалага эътибор қаратилди.
– Давлатимиз раҳбарининг яқинда Қашқадарё вилоятига амалга оширган ташрифи давомида барчамиз бунга яна бир бор амин бўлдик, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Олдинлари вилоят саноатининг ярмидан кўпи нефть-газ ва кимё тармоғига тўғри келган бўлса, сўнгги йилларда электр техникаси, қурилиш материаллари, тўқимачилик, мебелчилик соҳаларида “катта сакраш” бўлгани эътироф этилди (ҳудуд саноатининг 54 фоизи ушбу тармоқлар ҳиссасига тўғри келмоқда). Айниқса, вилоятнинг Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдала туманларида амалга оширилган лойиҳалар, аҳоли ва тадбиркорларга яратилган шароитлар бошқа ҳудудлар учун намуна бўлмоқда.

Президентимиз ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш, хусусан, жорий йилда вилоятда 470 минг кишини банд қилиш, 150 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш, Китоб тумани, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳрини “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича, реал имкониятларни кўрсатган ҳолда, аниқ вазифаларни белгилаб берди. Тез орада вилоят қишлоқ хўжалигида мисли кўрилмаган даражада катта имкониятлар ишга солинади, янги конлар ўзлаштирилади, юзлаб километр йўллар қурилиб, кенгайтирилади. Замонавий туризм масканлари барпо этилади, инновацион саноат зоналари ташкил қилинади, минглаб хонадонли уйлар қад кўтаради, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича гигант лойиҳалар амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбарининг Паркент туманига ташрифи давомида ҳам мазкур ҳудуднинг ҳам иқтисодий ривожланиш йўналишлари, “ўсиш нуқталари” белгилаб берилди. Туманнинг туризм, мева-сабзавотчилик йўналишларидаги юқори салоҳиятидан келиб чиқиб, транспорт, логистика, янги ишлаб чиқариш қувватлари бўйича кенг кўламли вазифалар қўйилди, катта ресурслар ажратилди. Биргина туризмни ривожлантириш мақсадида қиймати 1,8 миллиард доллар қийматидаги 52 лойиҳа амалга оширилади, 1 миллион нафар сайёҳга хизмат кўрсатилади.
“Бундай кенг кўламдаги, миллионлаб инсонларнинг ҳаётига дахлдор бўлган ишлар самараси кўп жиҳатдан масъулият ва жавобгарликни англаш билан боғлиқ. Президентимизнинг бунга алоҳида талабчанлик билан эътибор қаратаётгани негизида ҳам шу ётибди. Бу борада белгилаб берилган устувор йўналишлар нафақат ижро органлари, балки, халқ вакилларининг зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Ҳудудлар палатаси сифатида, биз маҳаллий кенгашлар билан бирга қўйилган вазифалар ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга ошишида фаол иштирок этишимиз лозим”, деди Сенат Раиси.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА