Танзила Норбоева: Бюджет маблағининг ҳар бир сўми белгиланган мақсадга хизмат қилиши, одамларга наф келтириши лозим
Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида Сенат Раиси Танзила Норбоева устозларнинг жамиятда тутган ўрни беқиёс экани, фарзандларимиз эришаётган ютуқларда уларнинг фидокорона меҳнати мужассам эканига эътибор қаратди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг педагоглар билан учрашувида устозларга кўрсатилган юксак эҳтиром, таълимни ривожлантириш бўйича белгиланган янги вазифалар бу соҳанинг мамлакатимиз келажагидаги ўрнини яна бир бор намоён этди, - деди Т.Норбоева. – Зеро, таълимга эътибор – инсоннинг ўз имкониятларини рўёбга чиқаришига, оиланинг фаровонлигига, мамлакатнинг тараққиётига эътибордир.
Таълим мазмуни ва сифатига, ёшларнинг билими ва амалий кўникмаларига янада юқори талаблар қўйилаётгани қайд этилди. Мактабни битираётган фарзандимиз мустақил ҳаётга тайёр бўлиши, касб эгаллаши, хорижий тилларни билиши, замонавий технологиялардан фойдалана олиши керак. Касбий ва олий таълим иқтисодиётнинг ҳақиқий эҳтиёжларига жавоб бериши зарур.
Сенаторлар бу вазифалар ижросига муносиб ҳисса қўшиши зарурлиги таъкидланди. Ҳудудларда таълим шароитлари, болалар учун яратилган имкониятлар доимий эътиборда бўлиши керак. Ўқитувчининг ҳуқуқлари ва шаънини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижросини ҳам изчил ўрганиш зарур.
Ялпи мажлисда Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ёшларимизнинг тарихий ғалабаси халқимизга катта ифтихор бағишлагани, бу ютуқда спортчиларимиз ва мураббийларимизнинг меҳнати, оилаларнинг қўллаб-қувватлаши, Президентимиз раҳбарлигида яратилган имкониятларнинг муҳим ўрни борлиги алоҳида эътироф этилди.
Президентимиз раҳбарлигида халқимизнинг турмушини яхшилаш, оилалар даромадини ошириш ва муносиб ҳаёт учун шароит яратишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилаётгани, иқтисодий кўрсаткичларни муҳокама қилишда уларнинг ҳар бир оила ҳаётида қандай акс этаётганига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Т.Норбоева Сенат фаолиятида ҳам ана шу мезон устувор бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Янги корхона қанча барқарор иш ўрни яратди? Маҳаллий аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар бу имкониятдан фойдаланяптими? Ажратилган кредит тадбиркорнинг фаолиятини кенгайтирдими? Қурилган объект аҳоли эҳтиёжини қондиряптими? Жойлардаги ўрганишлар ана шундай саволларга аниқ жавоб бериши керак.
Аҳоли даромадларини ошириш, кичик бизнесни ривожлантириш ва барқарор бандликни таъминлаш бўйича белгиланган чоралар фуқароларнинг ўз меҳнати ва ташаббуси билан фаровонликка эришиши учун хизмат қилади. Бу имкониятларнинг одамларга етиб боришини таъминлаш зарур. Ортиқча бюрократия, идоралар ўртасидаги келишмовчиликлар, жойлардаги ташаббуссизлик ислоҳотлар самарасига тўсиқ бўлмаслиги керак.
Сенат ҳудудлар манфаатларини ифода этувчи палата сифатида бундай муаммоларни ўз вақтида аниқлаши ва уларнинг ечими бўйича асосланган таклифлар киритиши лозим.
“Ислоҳотларнинг бугунги босқичида давлат маблағларидан самарали фойдаланишга бўлган талаб ҳам кучаймоқда. Сенатнинг тегишли қўмиталари давлат кўмагининг манзиллилиги, шаффофлиги ва аҳоли учун қулайлигини эътибор марказида тутишлари керак. Бюджет маблағи халқ маблағидир. Унинг ҳар бир сўми белгиланган мақсадга хизмат қилиши, одамларга наф келтириши лозим”, деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова, ЎзА