“Tanovar Surxоn” бу йил 1,5 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилади
Маълумотларга кўра, бу йил Ангор туманида 16 миллион 600 минг доллар қийматидаги саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш мўлжалланмоқда.
Ташрифдан сўнг
Президентимиз 2019 йил 30 апрель 1 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Ангор туманидаги “Tanovar Surxоn” масъулияти чекланган жамиятининг томчилаб суғориш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ташкил этиш лойиҳаси билан танишиб, тегишли тавсияларни берган эди.
Лойиҳага мувофиқ тумандаги Юқори Таллимарон маҳалласи ҳудудидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда томчилаб суғориш усулини жорий этиш учун ажратилган 173,17 гектар ер майдонига 1 миллион 737 минг доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиб, ўша йили ишга туширилди. Мавжуд ер майдонининг 76 гектарига озиқ-овқат маҳсулотлари экилиб, замонавий томчилаб суғориш усулида парваришлаш йўлга қўйилди. Суғориш жараёнида лойқа сув чиқиндиларининг полиэтилин қувурларда қолиб кетишининг олдини олиш ва оби-ҳаётни босқичма-босқич тиндириш учун учта ҳовуз ташкил этилди. Бу ерда тиндирилган сув насос ёрдамида томчилаб суғориш мосламалари орқали зироатларга юборилмоқда. Тупроқ остига ўрнатилган полиэтилен қувурлар орқали минерал ва маҳаллий ўғитлар билан тўйинтирилган оби-ҳаётнинг экин илдизига меъёрида етиб бораётгани ҳосилдорликни ошириб, сув ресурслари ва электр энергиясини тежаб сарфлашда муҳим омил бўлаётир.
Сув тежамкор технологиялардан оқилона фойдаланаётган корхона бу ерда қизил лавлаги, брокколи, дайкон, гулкарам, карам ва эрта пишар қовун парваришлаб, мўл ҳосил олмоқда. Маҳсулотнинг маҳаллий бозордан ортиқ қисми эса хорижга экспорт қилинаётир. Жумладан, ўтган йили Россиядаги ҳамкорларига 127,8 минг доллар қийматидаги табиий, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида қарийб юз минг доллар қийматидаги маҳсулотни экспорт қилди. Йил якунигача бу кўрсатгич 1 миллион 500 минг долларга етказилади. Мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳам тўлиқ ишга туширилгач, бу кўрсаткич янада ошади.
– Давлатимиз раҳбари ўтган йил 17-18 октябрь кунлари вилоятга ташрифи чоғида корхонанинг “Нет хаус” усулида иссиқхона ташкил этиш, музлаткичли омборхона қуриш лойиҳалари билан ҳам танишиб, қатор тавсияларни билдирган эдилар, – дейди Ангор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Гавҳар Жумаева. – Шунга асосан ҳозиргача 335 минг доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиб, 5 гектар майдонда “Нет хаус” усулидаги иссиқхона бунёд этилди ва помидор, бодринг, булғор қалампири етиштириш ўзлаштирилди. Музлаткичли омборхона лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда. Лойиҳа фойдаланишга топширилиши билан 35 доимий, юздан ортиқ мавсумий янги иш ўрни ташкил этилади.
Маълумотларга кўра, бу йил Ангор туманида 16 миллион 600 минг доллар қийматидаги саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш мўлжалланмоқда. Йилнинг ўтган даврида қарийб 4 миллион долларлик турли маҳсулот хорижга жўнатилди. Буларнинг барчаси сўнгги йилларда ишлаб чиқаришга тежамкор технологияларни жорий этиш, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратиб, мавжуд табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.