Нукусда хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси томонидан ўтказилаётган “Касаба уюшмалари лауреати”, “Энг намунали аёл иш берувчи”, “Энг яхши маҳалла раиси” ҳамда “Энг яхши сектор раҳбари” танловларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарлигидаги республика комиссияси ва унинг таркибидаги ишчи гуруҳлар мамлакатимиз ҳудудларида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Мазкур жараёнда ишсиз ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш, томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланишларига кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кредитлар ажратиш, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдамлар кӱрсатиш, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, қарамоғида бир ва ундан ортиқ I гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларга, тиббий ҳимояга, ҳуқуқий ёрдам олишга, психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизларга амалий кўмак кўрсатиш соҳасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда ҳар бир давлат органларининг масъулияти янада ошириляпти. Бу эзгу мақсадни амалга оширишда намунали ва тизимли фаолият олиб борган масъулларни рағбатлантириш амалиёти жорий этилди.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бевосита шундай оилаларга моддий ва беғараз ёрдамлар кўрсатиб келаётган, шунингдек “Aёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминалашга кўмаклашаётган тадбиркор хотин-қизларни рағбатлантириш мақсадида “Касаба уюшмалари лауреати”, мамлакатимизда гендер сиёсати ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёлларнинг ролини оширишга қаратилган ишларни намунали ташкил этган корхоналарнинг аёл раҳбарларини рағбатлантириш ва иш берувчи фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида “Энг намунали аёл иш берувчи”, ҳудуди обод ва тинч бўлган маҳалла фуқаролар йиғини раислари ўртасида “Энг яхши маҳалла раиси”, муаммоларни “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ваколатли муассаса ва ташкилотлар ўртасида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Энг яхши сектор раҳбари” танловлари йўлга қўйилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш ва уларнинг фарзанд тарбиясидаги роли ва ижтимоий фаоллигини оширишдаги хизматлари учун Элликқалъа тумани 2-сектор ҳудудидаги “Ақшакӯл” овул фуқаролар йиғини ҳамда Хӯжайли тумани 3-сектор ҳудудидаги “Жонқӯнғирот” маҳалла фуқаролар йиғини “Аёллар маслаҳат кенгаши” ғолиб деб топилиб, диплом ва ҳар бир кенгаш 50 миллион сӯмдан пул мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, “Энг яхши сектор раҳбари” танловида Қораўзак тумани 1-сектор раҳбари Узақберген Утамбетов, “Энг намунали аёл иш берувчи” танловида Амударё тумани “Тамара текстиль” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тамара Юсупова, “Энг яхши маҳалла раиси” танловида Нукус шаҳридаги “Сарбиназ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мадияр Аминов, “Касаба уюшмалари лауреати” танловида Кегайли туманидаги “Рус-Ислам-Султан” оилавий корхонаси раҳбари Айжамал Раметова ғолиб, деб топилди.
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва пул мукофотлари топширилди.
Танловда биринчи ўринларни эгаллаганлар мамлакатимиз босқичида қатнашиш учун йўлланма олди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жӯқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
[gallery-3630]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА