Танлов ғолиблари аниқланди
Гулистон шаҳридаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактабида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ўртасида «Сен истеъдодлисан» хайрия танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Ижод ва истеъдод байрамига айланган мазкур тадбирда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган ўқувчилар ўз қобилияти, маҳорати ва ижодий салоҳиятини намойиш этдилар.
Танлов болаларнинг санъатга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, улардаги иқтидорни кашф этиш, ижодий имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Зеро, ҳар бир боланинг ўзига хос қобилияти ва истеъдоди бор. Уни ўз вақтида англаш, рағбатлантириш ва ривожлантириш эса янги ютуқлар сари йўл очади.
Беллашув давомида иштирокчилар тасвирий санъат, анъанавий ва эстрада йўналишларида ўз истеъдодларини намойиш этдилар. Улар тайёрлаган ижодий ишлар, куй-қўшиқлар ва саҳна чиқишлари иштирокчиларнинг изланиши, меҳнати ҳамда санъатга бўлган меҳрини акс эттирди. Танлов ҳар бир болага ўзини намоён этиш, тенгдошлари билан ижодий мулоқот қилиш ва қобилиятини кенг аудиторияга кўрсатиш имконини берди.
[gallery-32409]
Якуний натижаларга кўра, тасвирий санъат йўналишида Ховос туманидаги 12-сонли мактаб ўқувчилари Маржона Ибрагимова ва Билол Йўлдошевлар ғолибликни қўлга киритишди. Анъанавий ва эстрада йўналишларида эса Сайхунобод туманидаги 14-сонли мактаб ўқувчилари Элдор Холдоров ҳамда Тўлқин Абдураҳмонов вилоят босқичи ғолиблари деб топилди.
Тадбир якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА