Танлов ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида Нукусда умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив таълим синфларида фаолият олиб бораётган махсус педагоглар ўртасида “Йилнинг энг фаол махсус педагоги” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Инклюзив таълимнинг мақсади – алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар учун мактабда махсус восита ва методларни қўллаш орқали махсус педагоглар ва ёрдамчи ходимларни (ассистент-ўқитувчи) жалб этган ҳолда тўсиқсиз мослаштирилган таълим муҳитини яратиш, уларнинг жамиятга самарали мослашуви ҳамда тўлақонли уйғунлашувига хизмат қиладиган сифатли умумий ўрта таълим беришни таъминлашдан иборат.
Бу эса таълим жараёнида соғлом болалар билан бир қаторда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг ақлий ва ижтимоий салоҳиятларини ривожлантиришга, барча ўқувчилар учун давлат таълим стандартларига мувофиқ умумий ўрта таълим дастурларини ўзлаштириш учун имконият яратишга, ўқувчиларнинг ҳар томонлама ривожланиши, билиш фаолиятини фаоллаштириш, ижтимоий кўникма ва салоҳиятини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур танлов инклюзив таълим сифатини ошириш, ихтисослашган педагогларнинг касбий маҳоратини қўллаб-қувватлаш, илғор иш тажрибаларини аниқлаш ва оммалаштириш мақсадида ташкил этилди.
Иштирокчилар амалий очиқ коррексион-ривожлантирувчи машғулот, “Менинг педагогик фаолиятим” мавзусидаги тақдимот, касбий билим ва компетенциялар синови (савол-жавоб) каби шартлар бўйича ўз билимларини намойиш этди.
Танлов якунида биринчи ўринни Тўрткўл туманидаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Ўғилжон Қўчқорова, иккинчи ўринни Хўжайли туманидаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Динора Алламбергенова, учинчи ўринни Нукус шаҳридаги 34-сонли мактаб ўқитувчиси Улбосин Сапарбаева эгаллади.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.