Андижон туманининг Бешбўйноқ маҳалласида яшовчи Абдуманноб Асронов узоқ йиллардан буён турли даврларда зарб этилган тангалар, тарихий буюмлар, осори-атиқаларни йиғиш билан шуғулланиб келади. Айни кунда унинг коллекциясида турли даврларда зарб этилган ноёб ҳамда 150 дан ортиқ давлатнинг 1,5 мингдан зиёд тангалари, шунингдек, ноёб китоблар, қадимий кўза, лаган, шамчироқ каби тарихий рўзғор буюмлари сақланмоқда.
Абдуманноб Асронов танга тўплаш, коллекция йиғиш ишини бундан 56 йил муқаддам бошлаганлигини, у илк тангани совға сифатида олганини эслайди.
– Ўшанда ҳарбий хизматдан қайтаётган эдик, – деб ҳикоя қилади коллекционер А.Асронов. – Хизматдошларимдан бири менга Германия давлати тангасини совға қилган. Ана шундан буён танга йиғиб келаман. Улар орасида 9-асрда зарб этилган сомонийлар тангаси, 10-асрга тегишли қорахонийлар тангаси бор. Бундан ташқари, Қўқон хони Худоёрхоннинг ярим мисқоллик кумуш тангалари, Бухоро амири Абдулахатхон замонида чиқарилган танга, 1469 йилда Фарғона вилояти ҳокими бўлган, Бобурнинг отаси – Умаршайх Мирзо, Хоразм ҳукмдори Жунайидхон даврида зарб этилган, шунингдек, 17-аср охирларида Россия императори Екатерина II фармони билан чиқарилган тангалар мавжуд.
Коллекциядаги энг қадимий танга эса эрамизнинг 1- асрига тегишли “Санобар” тангасидир. Бобурийлар сулоласи вакили Ҳумоюн Мирзонинг Ражастонда зарб этилган кумуш тангаси кўпчиликнинг диққатини тортади. Танганинг бир томонида ҳинд ёзуви, иккинчи томонида эса отнинг тасвири бор.
Коллекционер Абдуманноб Асронов нафақага чиққунига қадар Андижон механика заводида ишчи, ишлаб чиқариш устаси бўлиб ишлаган. У коллекция тўплаш учун қишлоқма-қишлоқ, хонадонма-хонадон кезиб юрган. Якшанба, дам олиш кунлари эса бозорда “Қадимий тангалар” сотиб оламан, деб турганини кўпчилик яхши билади. Унинг таъкидлашича, тарихий буюм ва тангаларни сотиб олиш учун кўпинча ойлик маоши, хонадонидаги деҳқончиликдан келадиган даромадини охирги тийинигача сарфлаган.
– Ушбу машғулот аввалига менга қизиқиш бўлган, кейинчалик эса ҳаётим мазмунига айланган, – дейди Абдуманноб Асронов. – Бир неча йил аввал вилоят ҳокимлиги менга Андижон шаҳридаги “Жоме” меъморий мажмуасидан музей ташкил қилишим учун хона ажратиб берди. Қадимий буюм ва тангаларимни аксариятини ана шу ерда сақлаб, қизиқувчиларга, сайёҳларга намойиш этиб келдим. Шунингдек, музей билан ёнма-ён хонада мўъжазгина кутубхона ҳам ташкил этгандим. У ерда жуда кўп китобларим сақланган.
[gallery-23292]
Тарихий китобларга қизиққан, нодир буюм ва тангаларни кўришни истаган юртдошларимиз келиб, музейни томоша қилди. Келувчиларнинг кўпчилигини коллекционер кутубхонасида сақланаётган “Хамса” асари қизиқтириши табиий. Алишер Навоийнинг 1893 йилда Санкт-Петербургда араб тилида чоп этилган ушбу асари, шунингдек, 1914 йилда чоп этилган Қуръони карим коллекционер кутубхонасида сақланаётган ноёб китоблар ҳисобланади.
– Икки йилдирки саломатлигим туфайли музейга бора олмай қолдим, дейди А.Асронов. – Шу боис коллекция ва кутубхонамни ҳозир уйимга кўчириб келганман.
Айни пайтда Абдуманноб Асронов 76 ёшда. 7 нафар фарзанди, 40 нафардан ортиқ набиралари ардоғида яшамоқда. Кексайиб, соғлигини бироз йўқотган бўлса-да, бирор жойда нодир буюм ёки танга борлиги ҳақида эшитса, коллекциясини бойитиш учун фарзандлари ёки шогирдларидан бирини чақириб, дарҳол йўлга отланади.
Абдуманноб Асронов ўз коллекцияси билан кўплаб кўргазмаларда иштирок этган. Тарихимизни, тарихий буюмларнинг тарғиботчиси сифатида жуда кўп ташкилотлар томонидан фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланган. Жумладан, у жорий йил 18 апрель – Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш халқаро куни муносабати билан “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди ташаббуси билан ўтказилган “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар – муқаддас меросимиз” мавзусидаги танловнинг нумизматика йўналишида биринчи ўринга сазовор бўлди.
Қизиқиш ортидан юртимиз тарихига оид кўплаб тангалар, тарихий буюмларни сақлаб келаётган коллекционер фаолияти, унинг фондидаги буюмлар бизни тарихни чуқурроқ англашга, ҳурмат билан қарашга ундайди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари