Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори таълим, хусусан, малака ошириш ишларини жадаллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Қарор билан, А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институтига хориждаги етакчи илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ва биргаликда илмий ишларни олиб бориш вазифалари юклатилган.
Мазкур вазифалар ижроси юзасидан институтнинг навбатдаги ҳамкори етакчи илмий марказлардан бири – Россия таълим академиясининг таълимни ривожлантириш стратегиялари институти билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишув шартномаси имзоланди. Мазкур шартнома Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг биринчи ўринбосари Усмонхон Шарифходжаев раҳбарлигидаги делегациянинг Россия Федерациясига амалга оширган ташрифи доирасида А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори Аюбхон Раджиев ва Россия таълим академиясининг таълимни ривожлантириш стратегиялари институти директори Т.В.Суханова томонидан имзоланди.
Россия таълим академиясининг таълимни ривожлантириш стратегиялари институти 1922 йилда ташкил этилган ва Россия Федерациясининг Маориф вазирлиги томонидан таъсис этилган илмий-тадқиқот ташкилоти ҳисобланади. Институт Россия Федерациясида давлат таълим сиёсатини юритиш, қарор қабул қилинишини илмий жиҳатдан таъминлаш, таълимни модернизация қилишнинг стратегик йўналишларини ривожлантириш, соҳада фундаментал ва амалий тадбирларни ўтказиш мақсадида ташкил қилинган. Сўнгги беш йил ичида институт олимлари томонидан юздан ортиқ монография чоп этилган ва мингга яқин илмий мақолалар нуфузли илмий журналларда нашр қилинган.
Мазкур институт билан ҳамкорлик келишувидан мақсад, таълимни ривожлантириш назарияси ва стратегияси, тизимни методологик илмий педагогик ва методик жиҳатдан таъминлаш соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, илмий изланишлар натижаларини педагогик амалиётга жорий этишдан иборат. Шунингдек, халқ таълими тизими педагоглари ва мутахассисларини касбий қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, томонлар ходимларининг нашр этиш фаоллигини таъминлаш соҳаларида ҳамкорликни олиб боришдир.
Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, томонлар педагогик тадқиқотлар, таълим дастурлари, методик ва ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқишда ва А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари, профессор ўқитувчилари таркибининг касбий компетентлигини оширишга кўмаклашиб, аспирантура ва докторантура дастурлари бўйича илмий педагогик кадрларни ўқитишни ташкил этиш ва илмий педагогик кадрларнинг малакасини оширишда ҳамкорлик қилади.
А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва Россия таълим академиясининг таълимни ривожлантириш стратегиялари институти билан келишув шартномаси беш йил муддатга тузилди ва томонларнинг розилигига кўра узайтирилиши ҳам мумкин.
Барно Мелиқулова, ЎзА