Таълимда тенг имконият яратиш ҳар бир боланинг келажагига сармоя киритишдир
Мамлакат қонунчилигида ҳар бир бола билим олишга ҳақли ва улар учун таълимда имконият чекланмаган. Айниқса, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг сифатли билим олиши учун муносиб шароитлар яратиб берилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий механизми жорий этилди.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб коррекцион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ушбу синфда таълим олаётган ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратилади.
Субсидия миқдори таълим муассасаси жойлашган ҳудудга қараб белгиланади:
Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 11 баравари;
вилоятлар марказлари ва Нукус шаҳрида — БҲМнинг 9,5 баравари;
бошқа туман ва шаҳарларда — БҲМнинг 8,5 баравари.
Аввало, нодавлат мактабларда коррекцион синфлар ташкил этиш учун қўшимча рағбат пайдо бўлади. Яъни, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун махсус шароит яратиш, улар билан ишлайдиган мутахассисларни жалб этиш ва таълим жараёнини мослаштиришда муассасаларга давлат томонидан молиявий кўмак кўрсатилади. Натижада ота-оналар учун ҳам таълим танлови кенгаяди. Коррекцион синфлар кўпайиши болаларнинг ўз эҳтиёжларига мос таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида ногиронлиги бўлган болалар учун шароитларни яхшилашга қаратилган “Инклюзив таълим муҳити” гранти ҳам жорий этилмоқда. Ушбу мақсадлар учун ҳар йили камида 50 та давлат мактабида лойиҳаларни амалга оширишга БҲМнинг 500 бараваригача грант ажратилиши белгиланган. Демак, инклюзив таълим энди фақат алоҳида шароит яратиш масаласи эмас, балки давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланаётган муҳим йўналишга айланмоқда.

Давлат раҳбарининг жорий йил 5 августдаги “Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг оилавий муҳитда таълим ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиши ҳамда жамият ҳаётида фаол ва тўлақонли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида бир қанча зарурий вазифалар белгилаб берилган.
Хусусан, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим, ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб қилиш бўйича “оилабай” ишлаш тизими жорий этилмоқда. Бунда ижтимоий ходим томонидан ота-онага болани таълим ва ижтимоий хизматларга жалб этиш бўйича амалий кўмак кўрсатиб борилади, боланинг таълим ва ижтимоий хизматлардан фойдаланаётганлиги доимий равишда мониторинг қилиб борилади, заруратга кўра бошқа ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб қилиш чоралари кўрилади.
Таълимда тенг имконият яратиш — бу нафақат ижтимоий адолат мезони, балки мамлакатнинг барқарор иқтисодий ва интеллектуал келажагини таъминловчи энг фойдали сармоядир. Капитални бино ёки технологияга эмас, энг аввало инсон капиталига йўналтириш жамият ривожига хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА