Кутубхона фонди 1000 та китобга бойиди
Билимлар куни муносабати билан Ширин шаҳридаги 4-сонли умумтаълим мактабининг кутубхонаси янги адабиётлар билан бойитилди.
«1 кунда — 1000 китоб» акцияси доирасида Сирдарё ИЭС директори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Баҳром Собиров ташаббуси билан мактаб кутубхонасига турли номдаги 1000 дона бадиий китоб тақдим этилди.
Натижада таълим муассасасининг 3000 дан ортиқ китобдан иборат кутубхона фонди 4000 нусхадан ошди. Янги адабиётларнинг жавонлардан ўрин олиши ўқувчилар учун мутолаа имкониятларини кенгайтириб, уларнинг бадиий асарларга қизиқишини оширишга хизмат қилади.

Бугун мактабда 700 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Янги ўқув йилида улар сафини 70 нафар биринчи синф ўқувчиси тўлдирди. Билимлар куни доирасида биринчи синфга қабул қилинган ўқувчиларга Президент совғаси — 13 турдаги ўқув қуролларидан иборат тўпламлар ҳам тақдим этилди.
— Янги ўқув йилини ўқувчиларимиз кўтаринки кайфиятда бошлади. Айниқса, биринчи синфга қабул қилинган 70 нафар болага Президент совғаси — 13 турдаги ўқув қуроллари топширилгани уларга катта қувонч бағишлади. Мактабимизда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шароитлар яратилган. Қўшимча тўгараклар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Кутубхонамизга минг дона янги бадиий китоб келтирилиши эса ўқувчиларимизни китоб мутолаасига янада кенг жалб этиш учун яхши имконият яратди, — дейди мактаб директори Абдужалол Шерназаров.

Кутубхона фондининг бойиши таълим жараёнини қўшимча адабиётлар билан таъминлаш баробарида, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ҳам хизмат қилади. Зеро, китобхонлик боланинг дунёқарашини кенгайтириш, сўз бойлигини ошириш ва мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантиришда муҳим омиллардан бири.
«1 кунда — 1000 китоб» акцияси доирасида амалга оширилган мазкур ташаббус ана шу мақсадларга уйғунлиги билан аҳамиятли. Мактаб кутубхонасида энди яна мингта янги асар ўқувчиларни мутолаага чорлаб туради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири