Таълимда келажак сари дадил қадам ташланмоқда
Сифатли таълим — тараққиётнинг энг мустаҳкам пойдевори. Бугун мактаб остонасида бошланган эзгу иш эртага жамият, давлат ва миллат тақдирини белгилайди. Шу боис мамлакатимизда таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, ўқитувчи мақомини юксалтириш, ёшларга замонавий билим ва касб-ҳунар бериш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Сўнгги йилларда юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ана шу эзгу мақсад мужассам. Давлат раҳбари ташаббуси билан таълимни модернизация қилиш, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, педагогларнинг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини ошириш, ёшларни замонавий касблар ва хорижий тилларга ўқитиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бухоро вилоятида ҳам ушбу ислоҳотлар мазмунан бойиб, аниқ натижалар ва истиқболли мақсадлар билан уйғунлашмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов вилоятда мактаб ва мактабгача таълим тизимида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда 2026–2027 ўқув йилида бажарилиши белгиланган устувор вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди. Унда таълим тизимини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар, фойдаланилмаётган имкониятлар ва келгуси вазифалар аниқ рақамлар асосида белгилаб берилди. Айни пайтда Бухоро вилояти таълим тизимида 2 минг 708 та таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларда 340 минг 766 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган бўлса, уларнинг камолоти учун 32 минг 960 нафар педагог меҳнат қилмоқда.
Бу рақамларнинг ўзиёқ таълим соҳасининг вилоят ҳаётида қанчалик катта ўрин тутишини кўрсатади. Бироқ масала фақат қамровда эмас. Асосий мақсад — ҳар бир болага сифатли таълим олиш учун муносиб шароит яратиш, ҳар бир ўқитувчига ўз салоҳиятини намоён этиши учун имконият беришдир.
Шу мақсадда 2026 йилда таълим инфратузилмасини яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда. Вилоятда жами 236 та объектда, жумладан, 151 та мактаб ва 85 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу мақсадлар учун 1 триллион 401 миллиард 939,4 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
Энг муҳими, сарфланаётган маблағлар қуруқ рақамларда эмас, болалар учун яратилаётган реал имкониятларда намоён бўлади. Амалга оширилаётган ишлар натижасида мактабларда 24 минг 872 та, мактабгача таълим ташкилотларида эса 7 минг 480 та янги ўрин яратилиши кўзда тутилган. Демак, минглаб болалар учун янги синфхоналар, замонавий таълим муҳити ва муносиб шароитлар яратилмоқда.

Таълим сифати, аввало, ўқитувчининг салоҳияти билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Бухоро педагогларининг натижалари алоҳида эътиборга лойиқ. 2026 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган педагог кадрлар аттестациясида вилоят ўқитувчилари 63,8 фоизлик натижа билан республикадаги етакчиликни сақлаб қолди. Аттестация жараёнида 6 минг 811 нафар педагогнинг амалдаги малака тоифаси сақланди ёки оширилди. Бу — ўқитувчиларнинг ўз устида мунтазам ишлаётгани, касбий маҳоратини ошираётгани ва замонавий таълим талабларига мослашиб бораётганининг муҳим кўрсаткичидир. Энди олдинда янада баланд марралар турибди. Келгуси даврда олий тоифали ўқитувчилар улушини 23 фоизга, биринчи тоифали педагоглар улушини 27 фоизга, жами тоифали ўқитувчилар улушини эса 76 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу мақсадлар таълим сифати тасодифга эмас, аввало, профессионал педагогга боғлиқ эканини англатади.
Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш тест синовларидаги ўртача натижаси ҳам Бухорода таълим сифати изчил юксалиб бораётганидан далолат беради. Агар 2024 йилда бу кўрсаткич 89,2 балл, 2025 йилда 96,4 балл бўлган бўлса, 2026 йилда у 110,8 баллга етди. Бир қарашда бу оддий рақамдек туюлиши мумкин. Аслида эса унинг ортида минглаб ўқувчиларнинг меҳнати, устозларнинг изланиши, ота-оналарнинг ишончи ва таълим тизимидаги ислоҳотлар мужассам. Энди мақсад янада юксак — ушбу натижани 130 баллга етказиш. Бу рақам Бухоро ёшларининг олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, уларнинг билим ва салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим мезон бўлиб хизмат қилади.
Бугунги рақобатбардош дунёда хорижий тилни билиш ёшлар учун оддий кўникма эмас, балки катта имкониятлар эшигидир. Бухорода ҳам “Келажак учун хорижий тил” лойиҳаси доирасида 22 минг 257 нафар битирувчининг хорижий тил билиш кўникмалари баҳоланди. Уларнинг 8 минг 130 нафарида тил билиш сертификати мавжудлиги аниқланди. 2027 йилда сертификатга эга битирувчилар улушини 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Бу эса Бухоро мактабларида таълим фақат дарслик ва синфхона билан чекланиб қолмаётганини, ўқувчиларни глобал билим ва меҳнат бозорига тайёрлашга эътибор кучайиб бораётганини кўрсатади.
Таълимдаги энг катта ўзгаришлардан бири — замонавий технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий этишдир. Жанубий Кореянинг ENOZ таълим муассасаси билан ҳамкорликда Бухоро шаҳридаги 42-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида сунъий интеллект ва ахборот-коммуникация технологияларига асосланган инновацион ўқув модели жорий этилди. Бу ерда ўқувчилар дастурлаш, робототехника ва генератив сунъий интеллект йўналишларида билим олмоқда.
Кечаги мактабда ўқувчи асосан тайёр билимни ўзлаштирган бўлса, бугунги мактабда у технология яратади, тажриба қилади, дастур тузади, роботни бошқаради ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишни ўрганади. Энг қувонарлиси, бу илғор тажрибани вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам босқичма-босқич ёйиш ишлари давом эттирилмоқда. Бу — Бухоро таълимида янги давр бошланаётганининг яққол ифодасидир.
Таълим тизимида кадрларни ишга қабул қилиш жараёни ҳам замонавийлаштирилмоқда. Бухоро вилоятида ходимларни ишга қабул қилишнинг рақамлаштирилган тизими 13 та туман ва шаҳарда жорий этилди. Унда 1 минг 600 дан зиёд бўш иш ўрни эълон қилиниб, 8 мингдан ортиқ номзоддан онлайн аризалар қабул қилинди. Натижада 650 нафар номзод ишга қабул қилинди.

Бу тизим, бир томондан, муносиб мутахассисларни танлаш имконини кенгайтирса, иккинчи томондан, ишга қабул қилиш жараёнида шаффофлик, очиқлик ва адолат тамойилларини кучайтиради. Тақдимотдан кўриниб турибдики, Бухоро таълимида бугун эришилаётган натижалар эртанги вазифалар учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Бироқ эришилган натижа билан кифояланиш — тараққиётнинг душмани. Шу боис янги ўқув йили олдидан олдинга қўйилаётган вазифалар ҳам улкан. Асосий эътибор таълим сифатини янада ошириш, педагоглар салоҳиятини юксалтириш, юқори малакали ўқитувчилар сафини кенгайтириш, битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичларини ошириш, хорижий тилларни пухта эгаллаш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни таълим жараёнига янада кенг жорий этишга қаратилмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов таълим соҳасида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа ва ислоҳотни аниқ натижа, ўлчанадиган кўрсаткич ва истиқболли мақсад билан боғлаш зарурлигини таъкидлади:
— Бугунги вазифа — эришилган натижаларни мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятларни кенгайтириш ва янги ўқув йилида Бухоро таълимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири