🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

Таълим ва муаллимга янгича ёндашув керак

Таълим ва муаллимга янгича ёндашув керак
Жамият
Танлаш
20:36 / 11.09.2019

Бугун барчамиз юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга нафақат гувоҳ бўлмоқдамиз, балки ушбу жараёнда бевосита иштирок ҳам этмоқдамиз.


Бугун барчамиз юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга нафақат гувоҳ бўлмоқдамиз, балки ушбу жараёнда бевосита иштирок ҳам этмоқдамиз. Бу ислоҳотларни жадал амалга ошириш ва таълим-тарбия соҳасида юқори натижаларга тезроқ эришиш осон иш эмаслигини ҳам кўрмоқдамиз.

Негаки, соҳада пайдо бўлган ва таълим тизими тараққиётига тўсиқ бўлаётган қатор муаммолар узоқ йиллар давомида чуқур илдиз отган. Бу муаммоларнинг бугунги кундаги оғир ҳолатига келгунича ярим асрдан кўпроқ вақт ўтган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кейинги йилларда олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва тизим фаолиятига янгича ёндашув бўйича бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жорий йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирган фикр-мулоҳазалари таълим тизимида бошланган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни талаб этади.

Таълим-тарбияни муаллимларсиз тасаввур этиб ҳам, мамлакатимизда янгидан бошланган ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириб ҳам бўлмайди. Таълимнинг бугунги талаб ва кўнгилдагидек сифатли бўлиши учун энг қуйи таълим муассасалари – боғча, мактаб, лицей, коллеж, техникумлардан тортиб, олий таълим муассасаларигача илмли, тажрибали, юксак маданиятли, маънавиятли, ўз соҳасининг фидойиси бўлган жонкуяр, меҳрибон, ғамхўр ва керакли ўринда қаттиққўл ҳам бўла оладиган, замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан яхши хабардор муаллимлар, мураббийлар жуда-жуда зарур.

Биз кейинги 30-40 йил давомида муаллимни таълимдан, илмдан, илм даргоҳидан, бу даргоҳнинг мунис толибларидан узоқлаштирдик. Эл орасидаги муборак обрў-эътиборини тўкдик. Уларни бошқалар, энг ёмони, ўзлари севган шогирдлари олдида муте бир кимсаларга айлантириб қўйдик. Педагоглик касбини танлаганларидан уларнинг бошлари эгик, бўйинлари хам, кўзлари нам бўладиган даражага олиб келдик, пушаймон қилдирдик. Улар, айниқса, эркак муаллимлар чорасизликдан, иложсиз ҳолда қора қозонини қайнатиш, рўзғор тебратиш, бола-чақасининг каму кўстини тўлдириш илинжида ўз ихтиёри билан мамлакат ичида ва ташқарисида мўътабар касбларидан йироқ бўлган ишларни танлаб, таълим тизимини ташлаб кетди.

Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳар йили март-апрель ойидан бошлаб чигит экиш, ғўза яганаси, қатқалоғи, ўтоғига жалб этилиш, ёз бўйи дам олиш, соғлиғини тиклаш, ўз устида ишлаш ўрнига чорвага хашак йиғиш, кўча тозалаш, катта йўл ёқаларидаги бинолар девори ва дарахтларни оқлаш, кўчат экиш, маҳалла ва гузарларни обод қилиш, сентябрь-декабрь ойларида эса йилдан-йилга даҳшатли тус ола борган меҳнат фронти – пахта йиғим-теримига кечаю-кундуз кўч-кўрони билан боришни, бошқа соҳалар вакиллари олдида хўрланиш, камситилиш, оёқости қилиниш, ҳам маънан, ҳам жисмонан азоб-уқубатларга дучор бўлишни ким ҳам хоҳлар эди?! Бу ҳол нафақат ўрта умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, шунингдек, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳаёти ва фаолияти учун ҳам хос умумий, муштарак ҳолат эди.

Хайриятки, бу соҳа вакиллари пешонасига офтоб, елкасига шамол тегадиган, ўксик кўнгилларига таскин бўладиган, меҳнатини моддий ва маънавий қадрлайдиган замон ҳам келди. Муаллимнинг таълим ва тарбиявий фаолиятига салбий таъсир этадиган сунъий тўсиқлар олиб ташланди, ойлик маошлар босқичма-босқич ошириляпти, ортиқча қоғозбозлик, мажлисбозлик, ҳашарбозлигу хўжа кўрсин учун қилинадиган кўплаб тадбирларга барҳам бериляпти. Айниқса, мамлакатимиз бўйича 13 мингга яқин эркак ўқитувчининг мактабга қайтгани қувонарлидир. Чунки мактабда бериладиган таълим ва тарбияда уларнинг муносиб ўрни бор. Аммо муаммолар камаймаяпти. Хўш, таълим тизимига доир муаммолар нималардан иборат? Уларни қандай бартараф этсак бўлади?

Биринчидан, боғча, мактаб, лицей, коллеж, туман ва вилоят халқ таълими бўлимларига раҳбарлар ҳали ҳам аввалги, эскича услубда танланаётгани, таълим тизимини бошқаришдаги муаммолар соҳа ривожига катта тўсиқ бўляпти. Раҳбарлар, кадрлар Президентимиз талаб қилаётганларидек, халққа хизмат қилиш тамойили асосида танланса ва тайинланса ёки сайланса эди, қўли эгри, порахўр, мансабпараст, дунёқараши, маънавияти ва маданияти паст, ўзидан бошқани менсимайдиган “бошлиқчалар” бу муассасалар раҳбарлигига тасодифан келиб қолмас эди.

Иккинчидан, боғча, мактаб, лицей, коллежларга тарбияланувчи-таълим олувчиларни қабул қилишдаги қинғирликлар. Бунда шу муассасаларнинг баъзи нафси ҳакалак отган раҳбарлари билан бир қаторда фарзандини таълим муассасасига олиб келаётган ота-оналар, бобо-бувиларнинг ҳам айби йўқ эмас. Уларнинг кўпчилиги янги давр руҳини, талабини ҳали тўлалигича англаб, тушуниб етганича йўқ. Агар улар бу соҳадаги коррупцияга барҳам беришда фаол ва Президентимиз тарафида бўлганида эди, бу борадаги ишлар анча самарали бўларди.

Учинчидан, таъкидлаб ўтилган таълим муассасаларига тарбиячи-педагогларни ишга олишдаги муаммолар. Таълимда сон, миқдор, албатта, том маънодаги сифатга айланиши шарт, йўқса барча қилинаётган ишлар, саъй-ҳаракатлар бесамар кетади. Таълим, ундаги сифат ва самарадорлик ҳар томонлама ва тўлиқ тарбиячига, муаллимга, унинг педагогик салоҳияти ва маҳоратига, тажрибасига боғлиқ. Олиб бориладиган машғулотнинг, дарснинг техник воситалари, турли педагогик усуллар тарбиячи, муаллимнинг жонли ва таъсирли мулоқоти, маҳорати, малакаси ва тажрибаси олдида иккинчи даражали воситалардир. Тарбиячилар, муаллимлар эса турлича билим, дунёқараш, фазилат ва ҳар хил феъл-атворга эга турфа хил инсонлардир. Улар олий таълим муассасаларида гуруҳ-гуруҳ, курс-курс ҳолида таълим-тарбия олаётган бўлсалар-да, ҳеч қачон конвейердан чиқадиган бир хил андозадаги товарлардек ёки катта-кичик пайкалларга экиладиган қишлоқ хўжалик экинлари маҳсулотлари каби тайёрланмайди ёки етиштирилмайди. Шунинг учун тарбиячи, муаллимни ишга танлашда, ишга қабул қилишда унинг индивидуал фазилатлари ва ўқув-педагогик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилиши керак.

Тўртинчидан, ойлик маошлари ошириб борилаётган, турли қоғозбозлигу мажлисбозликлар, ҳашару таълимдан бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилинишдан бутунлай озод этилган тарбиячи, муаллимлар олдида сифатли машғулот, дарс ўтиш, кўзлари чақнаб турган шогирдларига меҳру муҳаббат билан пухта билим бериш вазифаси турибди.

Ҳурматли тарбиячи, муаллимлар бунга тайёрми? Ойда-йилда битта бадиий асар ўқимайдиган, ўз мутахассислиги бўйича бирор газета ёки журналга обуна бўлмайдиган, уларни мунтазам кузатиб бормайдиган, бинобарин, ўз соҳасига доир сўнгги маълумотлар, янгиликлардан бехабар, фақат дарслик материаллари билан чегараланиб қолаётган “устоз” ўз шогирдларидан ортда қолиб кетмаяптими? Яратилаётган шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, талабга "лаббай" деб жавоб беряптими? Элдан ортда қолмаслик учун нима қиляпти?

Бешинчидан, меҳнатни муносиб тақдирлаш муаммоси. Ҳар бир жамиятда ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган шахс ишининг сифатига қараб рағбатлантириб борилади. Бизда эса бунга ҳар доим ҳам жиддий эътибор берилмайди. Рағбатлантиришлар кўп ҳолларда ошкораликдан йироқ равишда айрим раҳбарларнинг хоҳиш-истагига кўра амалга оширилади. Бунда баъзи бировлар уст-устига моддий ва маънавий рағбатлантириб юборилса, айримлар бир умр ҳалол, покиза, бошқаларга намуна бўларли даражада ишлаб, бирор марта “Мақтов ёрлиғи”га ҳам лойиқ кўрилмайди. Бу ҳол, ўз навбатида, таълим-тарбия сифатига салбий таъсир этмай қолмайди.

Олтинчидан, мавжуд дастурлар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларини жиддий қайта кўриб чиқиш керак. Улардаги йиллар давомида қайтарилаётган хатоликлар тузатилиши, берилаётган назарий ва амалий материалларнинг ўқувчилар ёшига мослигини таъминлаш, дарсликларнинг жуда қисқа муддатда ҳадеб янгиланаверилишига барҳам бериш керак.

Еттинчидан, шогирдлар билимини объектив – ҳаққоний, адолатли, холисона, ҳеч қандай таъмаю шаъмаларсиз тўғри баҳолаш. Бу тарбиячи ва муаллимлар олдида турган энг муҳим ва айтиш мумкинки, энг долзарб муаммолар сирасига киради. Чунки тарбияланувчи, таълим олувчининг ҳар бир ҳаракати, интилиши, берган жавоби очиқ, тўғри ва холисона баҳоланмас экан, унда устоздан норозилик кайфияти туғилиши табиий. Бундай кайфият эса уни илм олишга, ўрганишга рағбатлантирмайди, аксинча, интилишдан, изланишдан, фаолликдан қайтаради. Алал оқибат, уларда интилиш, ташаббускорлик, кўп нарсани билишга бўлган катта иштиёқ пасая боради ва жамиятда лоқайд, бефарқ, ўзидан бошқани ўйламайдиган, худбин инсонлар пайдо бўлишига замин яратади. Биз бугунги кунда ана шу муаммонинг – талабалар билими устозлар томонидан узоқ вақт ҳаққоний баҳоланмаганлигининг нақадар оғир оқибатларга олиб келгани ва уни тузатиш эса жуда қийин бўлаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Жамиятимиз тараққиётига муносиб хизмат қила олмаётган саводи ҳаминқадар, нутқи нурсиз муаллимлар, шифо истаб келган беморларини даволашдан кўра майиб-мажруҳ этаётган шифокорлар, қонун устуворлигини таъминлай олмаётган манфаатпараст ҳуқуқ посбонлари, қурган бинолари бир йилга ҳам етмай тутдай тўкилаётган қурувчи-муҳандислар, бизнес-режалари эл манфаати йўлида фойда келтириш ўрнига миллиард-миллиард сўм зарар келтираётган ҳисобчи-иқтисодчилар ва бошқа турли соҳаларда муқим ўтириб олган яроқсиз мутахассислар, қўрс, қўпол, нўноқ раҳбарлар осмондан тушгани йўқ. Уларнинг билимига, иқтидорига боғчада, мактабда, коллежда, институтда, университетда ўзимиз ошириб, таъмагирлик билан нохолис, нотўғри баҳо қўйиб келганмиз ва энди бу қилмишларимизнинг аччиқ мевасини тотмоқдамиз, жабрини биргалашиб тортмоқдамиз.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз таълим тизимида изчил давом эттирилаётган ислоҳотларнинг юқори натижадорлигини таъминлаш ҳар биримизнинг – ҳаммамизнинг фаол саъй-ҳаракатимизга боғлиқ эканини унутмайлик. Барчамиз бугунги ижтимоий, иқтисодий ва техник тараққиёт туфайли ҳаёт эҳтиёжига айланаётган янгича фикрлаш, янгича ҳаракат, эркин ижод қилиш ва фаровон яшаш сари тўхтовсиз интилишимиз, таълим соҳасининг энг қуйидан олий босқичигача бошланган ислоҳотларда фаол иштирок этишимиз лозим.

Мардон БОЛТАЕВ,

Самарқанд давлат университети доценти.