Таълим шахмат билан
Самарқандда ўтказилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE)нинг “Таълимда шахмат” халқаро саммити ўтказилди.
2026 йил – “Таълимда шахмат йили”га бағишланган халқаро форумда Халқаро шахмат федерацияси ва миллий шахмат федерациялари масъуллари, таълим соҳаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Саммит аввалида ФИДЕ президенти вазифасини бажарувчи, беш карра жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд Ҳиндистон таълим тизимида шахматни жорий этиш тажрибасини тақдим этиб, мазкур спорт тури болаларда ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаши, диққатни жамлаш ва мустақил қарор қабул қилиш қобилиятини ривожлантиришини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили Фарҳод Боқиев мамлакатимизда мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида шахматни ривожлантириш, уни таълим жараёнига кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
– Шахмат шунчаки спорт тури эмас, бу болани мустақил фикрлашга, ҳар бир қарор моҳиятини англашга ва ақлий қобилиятни ўстиришга ўргатадиган машғулотдир, – деди Ф.Боқиев. – Шу боис мамлакатимиз таълим муассасаларида болаларнинг шахмат билан шуғулланишларига алоҳида эътибор қаратилади. Умумтаълим мактабларида жисмоний тарбия ва маданият фанининг 21 соат дарс машғулоти шахматга бағишланган. Юртимиздаги мактабларда 7 мингдан ортиқ шахмат тўгараклари ташкил этилган ва уларда 144 минг ўқувчи қамраб олинган. 1150 та мактабда эса шахматга ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган. Болаларни ёшлигидан шахматга ўргатиш мақсадида 2024 йилдан буён мактабгача таълим тизимида 5-7 ёшли тарбияланувчилар иштирокида шахмат фестиваллари ўтказилади.
Саммитда ФИДЕ халқаро шахмат мактаблари федерацияси раҳбари Тимур Турлов Қозоғистон тажрибаси ҳақида маълумот бериб, шахмат таълими дастурларини кенг миқёсда жорий этиш ва уларни оммалаштириш ҳақида сўз юритди. ФИДЕ бошқаруви кенгаши аъзоси Дана Реизниеце Халқаро шахмат федерацияси томонидан ушбу йўналишда кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш, жумладан, ўқитувчиларни тайёрлаш, методик материаллар ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда миллий дастурларни ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги ишларга эътибор қаратди.
[gallery-31602]
Тадбирда, шунингдек, халқаро илғор тажрибалар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, Сейшел ороллари, Барбадос ва Коста-Рика вакиллари таълимда шахматни ривожлантиришда давлатнинг роли, самарали ҳамкорлик механизмлари ва шериклик алоқаларининг аҳамияти ҳақида фикр алмашди.
Тадбир доирасида таълимда шахматни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган энг яхши лойиҳалар ва ташкилотлар ФИДEнинг “Таълимда шахмат йили” махсус мукофотлари билан тақдирланди.
Саммит давомида шахматни алоҳида лойиҳалар доирасида ривожлантиришдан уни таълим тизимига тизимли равишда интеграция қилишга ўтиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари