Талабалар ётоқхонасида наркотик моддалар аниқланди (+видео)
Ёшларни турли иллатлардан, айниқса гиёҳвандлик каби хавфли таҳдидлардан асраш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифага айланмоқда. Таълим муассасаларида соғлом муҳитни таъминлаш, талабалар хавфсизлигини муҳофаза қилиш ва ноқонуний фаолиятларга қарши муросасиз курашиш бу борадаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида Тошкент Давлат Техника Университети талабалар турар жойида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилган.
Бу юзасидан ЎзАга Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори томонидан олинган тезкор маълумотлар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Бу эса ҳолатга тезкор ҳуқуқий муносабат билдириш ва тегишли чоралар кўриш имконини яратади.
Тезкор тадбирлар доирасида талабалар турар жойида белгиланган тартибда текширув ўтказилиб, яширин сақланаётган шубҳали моддалар аниқланган. Шунингдек, моддаларни қадоқлаш ва тарқатишда фойдаланилиши мумкин бўлган электрон тарози, кичик полиэтилен пакетлар ҳамда бошқа ёрдамчи воситалар ҳам топилган.
Эксперт-криминалистика таҳлиллари натижасида ушбу моддалар таркибида синтетик гиёҳвандлик воситаси — Альфа-PVP мавжудлиги тасдиқланган.
Мутахассислар ушбу турдаги моддалар инсон саломатлиги ва психикаси учун ўта хавфли эканини таъкидламоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, гиёҳвандликка қарши курашда фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки таълим муассасалари, ота-оналар ва жамоатчиликнинг ҳам фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ёшлар тақдирига дахлдор ҳар қандай хавфга нисбатан бефарқ бўлмаслик келажакка бўлган масъулиятнинг амалий ифодасидир.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/iZ9eZYydXU4" title="Talabalar yotoqxonasida narkotik moddalar aniqlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М. Эшмирзаева, ЎзА