Талабалар учун ўқув-тренинг ўтказилди
Гулистон давлат университетида O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасида талабалар учун навбатдаги ўқув-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши бўлим мудирлари, тадбиркор Л. Азимбоева, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда “Ёшлар қаноти” фаол аъзолари иштирок этишди.

Учрашувда ёшларга қаратилган давлат сиёсати, партия дастури ва унинг устувор йўналишлари, шунингдек, “Янги авлод кадрлари” лойиҳасининг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Лойиҳа ёшларни замонавий фикрлайдиган, билимли, ташаббускор ва ватанпарвар раҳбар сифатида тарбиялашга қаратилгани таъкидланди.
– “Янги авлод кадрлари” нафақат ўқув лойиҳаси, балки ёшларда раҳбарлик маданияти, фидойилик ва масъулият ҳиссини шакллантирадиган мактабдир, – деди O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши бўлим мудири Элёр Жўраев. – Бу ташаббуснинг тизимли давом этиши келгусида давлат хизматчилари салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, партиявий лойиҳаларнинг аҳамияти ҳамда ёшлар фаоллигини ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Фаол иштирокчилар партиянинг амалдаги ва истиқболли кадрлар захираси рўйхатига киритилди.

Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси ёшларга давлат бошқаруви тизимида назарий билим билан бирга амалий кўникмаларни ҳам эгаллаш имконини бермоқда.
Ғулом Примов, ЎзА