“Ўзмиллийбанк”АЖ талаба-ёшлар учун банкнинг Тошкент шаҳар Бош бошқармасида “Очиқ эшиклар куни” тадбирини ташкил этди. Иқтидорли талабаларни банкка жалб қилиш дастурига асосан ўтказилган илк “Очиқ эшиклар куни” тадбирининг иштирокчилари Вебстер университети талабалари бўлди.
Яқиндагина мазкур банк Тошкентдаги Вебстер университети билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унда талабалар учун банк фаолиятига оид таништирув тадбирлари, амалиёт ва стажировка ўташ, турли таълимий тадбирлар ўтказиш бўйича келишув тузилган эди.
Таъкидлаш жоиз, бугун Банк маҳсулотлари ва хизматлари босқичма-босқич рақамли форматга ўтказилиб, энг замонавий дастурлар асосида фаолият юритмоқда. Шу боис “Ўзмиллийбанк” АЖ жамоаси ўз сафига янги давр талаблари асосида ишлайдиган ва ўз фаолиятида ижодий ёндашувларни жорий этишда ташаббус кўрсатадиган мутахассисларни қўшиш истагида.
Банкнинг чакана бизнес, кредитлаш, пластик карточкалар ва бошқа бир қатор бўлимларидаги амалиёт жараёнлари бўлажак молиячиларда катта таассурот ва қизиқиш уйғотди.
– Бугунги “Очиқ эшиклар куни” тадбири биз учун жуда фойдали бўлди, – деди Тошкентдаги Вебстер университети талабаси Парвина Раҳимова. – Сабаби маркетинг соҳасига жуда қизиқаман. Биз ушбу тадбир орқали банк ишининг қизиқарли ва шу билан бирга жуда масъулиятли иш жараёни ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлдик. Бу эса танлаган йўлимиз ва касбимиз энг тўғри танлов эканлигига бизда шубҳа қолдирмади.
Пойтахтимиздаги халқаро Вестминстер университети (TXVU) Лондондаги Vestminster universiteti билан ҳамкорликда 2002 йил 16 январда ташкил этилган. TXVU Марказий Осиёдаги Буюк Британия малакалари бўйича жаҳон таълим стандартлари услубида таълим берадиган биринчи халқаро университет саналади. Банк халқаро йўналишлар ва инвестицион лойиҳаларни ривожлантириш мақсадида ушбу университет талабалари учун ҳам “Очиқ эшиклар куни” тадбирини ўтказди.
Бошқармада мижозлар билан ўтказилаётган жонли амалиётларни кузатишдан сўнг, талабалар ва Банк мутахассислари билан бўлиб ўтган мулоқот очиқ, самимий, дўстона, савол-жавобларга бой, қизиқарли, ҳамда ёшлар учун фойдали тарзда кечгани билан аҳамиятли бўлди. Суҳбат жараёнида банкнинг ёш раҳбарлари фаолият пиллапоялари ва эришган натижалари, иш тажрибалари тўғрисида самимий суҳбат олиб борди. Шунингдек, очиқ мулоқотда талабаларнинг “Ўзмиллийбанк” АЖда амалиёт ва стажировка ўташи, уларга мураббийларнинг “Устоз-шогирд” анъанасига кўра бириктирилиши, банкда ишлаш тўғрисидаги имкониятлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ўз истеъдоди, билими ва салоҳиятини намоён этиш истагидаги фаол ёшлар учун барча имкониятлар эшиги кенг очилган. “Ўзмиллийбанк” АЖ эса бу борада ёшларимизни доимо қўллаб-қувватлашга ва уларга имкониятлар тақдим этишга доимо тайёр.
Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов, ЎзА мухбири