Талабалар олимпиадаси қандай самара берди?
154 минг нафардан ортиқ талабани қамраб олган “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” мамлакатимизда талабалар спортини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва спортни ҳаёт тарзига айлантириш масалалари устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Айниқса, жорий йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан очиқ мулоқотида бу борадаги вазифалар янада аниқ белгилаб берилди. Учрашувда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, оммавий спорт ҳаракатини кенгайтириш ҳамда таълим муассасаларида спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида сўнгги ойларда бир қатор янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Улар орасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” алоҳида аҳамият касб этди. Мазкур мусобақа талабалар спортини ривожлантириш, иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш ва университетлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган кенг қамровли лойиҳа сифатида эътиборга лойиқ.
Оммавийлик ва қамров: кенг кўламли спорт ҳаракати
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Олимпиада қисқа вақт ичида мамлакатдаги энг йирик талабалар спорт лойиҳасига айланди. Аввало, мусобақаларни ташкил этиш механизмига эътибор қаратсак, уч босқичли тизим қамров ва саралаш тамойилларини самарали уйғунлаштириш имконини берди.
Биринчи босқичда, яъни апрель ойида ўтказилган университет ички мусобақаларида 170 та олий таълим муассасасидан 154 минг нафардан ортиқ талаба иштирок этди. Бу кўрсаткич талабаларнинг спортга бўлган қизиқиши юқори эканини ҳамда таълим муассасаларида спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётганини намоён қилди.
Май ойида ташкил этилган ҳудудий босқич эса мамлакатнинг турли ҳудудларидаги энг кучли жамоа ва спортчиларни саралаб олиш вазифасини бажарди. Унда 146 та олий таълим ташкилотидан қарийб 10 минг нафар талаба иштирок этди. Натижада республика финалида қатнашадиган энг кучли спортчилар ва жамоалар аниқланди.

Республика финали: энг кучлилар баҳси
“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”нинг ҳал қилувчи босқичи – республика финал мусобақалари 4–9 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилди. Бир неча кун давом этган беллашувларда мамлакатнинг барча ҳудудларидан келган 2 минг 368 нафар иштирокчи қатнашди.
Финал баҳсларининг замонавий спорт иншоотларида ташкил этилгани иштирокчилар учун муносиб шароит яратди. “Олимпия шаҳарчаси”, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Чирчиқ давлат педагогика университети спорт мажмуалари ҳамда Миллий футбол маркази каби объектлар мусобақаларнинг юқори савияда ўтишини таъминлади.
Мусобақа дастурига киритилган футбол, волейбол, гандбол, баскетбол 3х3, стол тенниси, енгил атлетика ва сузиш каби спорт турлари талабалар орасида энг оммабоп йўналишлар сифатида танланди. Бу эса кенг қамровли иштирокни таъминлаш билан бирга, турли ҳудудлар ва спорт мактаблари вакилларининг ўзаро рақобатлашишига имконият яратди.


Ғолиблар ва янги етакчилар
“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” якунларига кўра, умумжамоа ҳисобида Фарғона давлат университети 7 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза медаль билан биринчи ўринни эгаллади. Урганч давлат университети иккинчи, Қорақалпоқ давлат университети эса учинчи поғонадан жой олди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мусобақалар натижалари фақат жисмоний тарбия ва спорт йўналиши мавжуд олийгоҳлар билан чекланиб қолмади. Спортга ихтисослашмаган университетлар ўртасида ҳам алоҳида рейтинг юритилди. Унда Тошкент давлат иқтисодиёт университети етакчилик қилди. Бу ҳолат талабалар спортининг муайян йўналиш ёки факультетлар доирасида эмас, балки барча олий таълим муассасаларида ривожланаётганини кўрсатади.


Нодавлат ва хорижий ОТМлар иштироки
Олимпиада қамровининг кенгайиб бораётганини нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаларининг фаол иштироки ҳам тасдиқлади. Мазкур тоифадаги таълим муассасалари учун алоҳида номинациялар таъсис этилиши уларнинг спорт соҳасидаги фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилди.

Талабалар спортида янги босқич
“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” ўзининг илк мавсумидаёқ мамлакатдаги энг йирик талабалар спорт лойиҳаларидан бири сифатида шаклланди. Мусобақаларнинг барча босқичларида 170 та олий таълим муассасаси ва 154 минг нафардан ортиқ талаба-ёшларнинг қамраб олингани мазкур ташаббуснинг кенг кўлам касб этганини кўрсатди. Қарийб 10 минг нафар иштирокчи қатнашган ҳудудий босқичлар ва 2 минг 368 нафар спортчини жамлаган республика финали мамлакатимизда талабалар спортини ривожлантириш бўйича яхлит тизим шаклланаётганини намоён этди.
Энг муҳими, Олимпиада олий таълим муассасаларида соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишга жалб этиш, университет спорт клублари фаолиятини рағбатлантириш ҳамда иқтидорли спортчиларни саралаб олишнинг самарали механизмига айланиб бормоқда. Бу эса давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар сиёсати ва оммавий спорт соҳасида белгиланган вазифаларнинг амалий ифодаси бўлиб, талабалар спортини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА