“Талабалар лигаси” ташкил этилди
Андижон давлат чет тиллари институтида вилоятдаги давлат олий таълим муассасалари ректорлари, вилоят спорт федерациялари, клублар раҳбарлари ҳамда бошқа масъуллар иштирокида олий ўқув юртлари спорт клублари иштирокида спортнинг қатор турлари бўйича ўтказиладиган “Андижон талабалари лигаси” лойиҳаси очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида “Андижон талабалар лигаси” мусобақалари қандай ташкил этилишига бағишланган тақдимот намойиш этилди. Сўнгра сўз олганлар томонидан мамлакатимизда талаба ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, спорт соҳасида ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.

Талабалар ўртасидаги мазкур спорт мусобақалари шунчаки тадбир эмас, балки ёшларнинг иродасини чиниқтирувчи, жамоавий бирдамликни мустаҳкамловчи, турли иллат ва зарарли одатлардан асрашга хизмат қилувчи муҳим лойиҳага айланиши алоҳида қайд этилди.

Мусобақаларни ташкил этиш, регламенти бўйича муҳокамалардан сўнг, олий ўқув юртлари ўртасида спорт инфратузилмаларидан унумли фойдаланиш, тажриба алмашиш ва лига мусобақаларини низом талаблари асосида шаффоф ўтказишни кафолатловчи кўп томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжат вилоятдаги барча олийгоҳ талабаларини ягона спорт майдонида бирлаштириш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ва спортни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Мазкур ҳамкорлик, “Андижон тажрибаси” сифатида ташкил этилган “Андижон талабалар лигаси” лойиҳаси доирасида яқин кунларда спортнинг қатор турлари бўйича мусобақаларга старт берилади.
Ф. Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.