Термиз шаҳрида ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очиш, уларнинг касбий ривожланишини таъминлаш мақсадига қаратилган йирик лойиҳа – “TalabaExpo–2025” касб кўргазмаси бўлиб ўтди. “Келажакка қадам” лойиҳаси доирасида амалга оширилган тадбир ёшларнинг бандлиги, тадбиркорликка қизиқиши ва инновацион салоҳиятини намоён этиш учун муҳим майдонга айланди.
Шаҳар марказидаги Бобур номли истироҳат боғида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги барча олий таълим муассасалари ўз павильонлари орқали талабалар томонидан яратилган илмий-амалий ишланмалар, инновацион ғоя ва стартап лойиҳаларни намойиш этди. Иш берувчи ташкилотлар эса мавжуд бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Тадбирни ташкил этишда Олий таълим, фан ва инновациялар, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари, вилоят ҳокимлиги, “Ўзмиллийбанк” АЖ, Савдо-саноат палатаси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлик қилди.
[gallery-25597]
Кўргазма очилишида ёшларнинг келажакдаги бандлигини таъминлаш давлат сиёсатидаги устувор вазифа экани хусусида сўз юритилди. Шу жиҳатдан “TalabaExpo–2025” бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг амалдаги ёрқин ифодаси эканлигини қайд этилди.
Тадбирда нуфузли компаниялар раҳбарлари, тажрибали мутахассислар ҳамда ташкилотчилар иштирок этиб, талабалар билан мотивацион суҳбатлар олиб борди, уларга келажак фаолиятини йўлга қўйиш, касбий ўсиш, муваффақиятга эришиш борасида фойдали маслаҳатлар берди.
– “Келажакка қадам” лойиҳаси доирасида “Ўзмиллийбанк” томонидан олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлашиши, бизнес ғояларини тайёр лойиҳага қадар олиб бориши учун кўмаклашилмоқда, - дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов. – Ундан ташқари, касбий амалиётни молиялаштириш орқали олий таълим ташкилотларини иш берувчилар билан боғлаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур кўргазма ҳам жорий йилда Сурхондарё вилоятидаги 6 та олий таълим муассасасини тамомлаган 12 мингга яқин битирувчини кафолатли иш ўрни билан таъминлаш мақсадига қаратилган. Ўйлаймизки, жараёнда талабалар ўз мутахассислиги бўйича юқори даромадли иш ўрни, тадбиркорлик ғоясига эга бўлган ёшлар эса ўз лойиҳасини имтиёзли шартларда молиялаштириш имконига эга бўлади.
Кўргазма 9837 нафар талаба ва битирувчини қамраб олди. 116 тадбиркорлик субъекти ўз амалий таклифларини иштирокчилар эътиборига ҳавола этди. 1058 йигит-қиз шу ернинг ўзида қизиқиши ва мутахассислигига мос ишга жойлашишга муваффақ бўлди. Шунингдек, 43 нафар ёш ўз бизнес ғоялари асосида тадбиркорликка илк қадам қўйди.
Тадбир муҳити, унда тақдим этилган имкониятлар ва амалий натижалар ёшлар учун ўз салоҳиятини ишга солиш, орзуси сари одимлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун мустаҳкам замин яратди. Келажакка йўналтирилган бу каби лойиҳалар ёшларнинг меҳнат бозорига интеграциялашувини тезлаштириб, пировардида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/R7VYIu_QIKA?si=LFlCekGQ-DDcwmyL" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Камола Юсупова,
Жонибек Қўзимуродов (сурат+видео), ЎзА