ТАҲЛИЛ: Ўзбекистон телеком бозори қандай ривожланмоқда?
Ўзбекистонда телекоммуникация соҳаси сўнгги йилларда жадал суръатлар билан ривожланиб, нафақат ички бозор эҳтиёжларини қондирмоқда, балки Марказий Осиёда етакчилик қилмоқда. Интернет хизматлари, мобиль алоқа ва рақамли ечимларга бўлган талабнинг ортиши, шунингдек, инфратузилмага йўналтирилаётган инвестициялар соҳанинг барқарор ўсишини таъминлаяпти.
Аҳамиятлиси, халқаро таҳлиллар ҳам Ўзбекистон телеком бозорининг юқори суръатларда ўсиб бораётганини тасдиқламоқда.
Бу ҳақда “Nexign” бош директорининг биринчи ўринбосари Сергей Карпов қуйидагиларни маълум қилди:
– Ҳозирги кунда интернет инфратузилмасини кенгайтириш, мобиль алоқа сифатини ошириш ва рақамли хизматларни жорий этиш натижасида иқтисодиётнинг барча соҳаларига замонавий технологиялар кириб бормоқда. Бу эса давлат бошқаруви, таълим, банк-молия ва хизмат кўрсатиш тизимларининг самарадорлигини оширишга хизмат қиляпти.
Рақамларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистон телеком бозори 18,3 фоизга ўсиб, 24,9 триллион сўмга етди. Ривожланиш суръати қўшни мамлакатларга нисбатан анча юқори бўлиб (Қозоғистон - 11,8%, Қирғизистон-8,1%), жаҳон ўртача кўрсаткичидан (2,5%) қарийб етти баробар юқори натижани кўрсатди.
“Nexign” компанияси ва “TelecomDaily” ахборот-таҳлилий агентлиги ўтказган тадқиқотга кўра, бозор барқарор икки хонали ўсиш динамикасини намоён этмоқда. Хусусан, 2024 йилда телеком хизматлар ҳажми 19,2 фоизга ошган бўлса, 2025 йилда 18,3 фоизга ўсиб, 24 триллион 873 миллиард сўмга етган. Бозор динамикаси асосан интернет-трафик ва рақамли сервисларга бўлган талабнинг кескин ортиши ҳамда мобил ва стационар тармоқларга йўналтирилаётган инвестициялар ҳисобига шаклланмоқда.
Ҳозирги кунда операторлар даромадларининг асосий қисми интернет ва мобил алоқа ҳиссасига тўғри келади. Мобил алоқа (30%) ва интернет хизматлари (51%) бозорнинг етакчи сегментлари ҳисобланади. Шу билан бирга, B2B ва B2G йўналишидаги рақамли ва IT-сервислар - булутли ечимлар, VPN ҳамда рақамлаштириш хизматлари ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мобиль алоқа сегментида 4G технологияси аҳолининг 95-98 фоизини қамраб олган ҳолда етакчи ўринни сақлаб қолмоқда. 2025 йилда видео-контент, ижтимоий тармоқлар, онлайн ўйинлар ва финтех хизматлари ҳисобига мобил интернет истеъмоли рекорд даражада ўсди. Бу эса операторларни инфратузилмани модернизация қилиш ва тармоқ сиғимини кенгайтиришга ундамоқда. Шу билан бирга, йирик операторлар 5G тармоқларини жорий этиш бўйича синовларни фаол давом эттирмоқда.
Бозорнинг жадал ўсиши катта инвестицияларни талаб этмоқда. Шу сабаб операторлар LTE-Advanced тармоқларини ривожлантириш, 5G инфратузилмасини шакллантириш ва янги ускуналар харид қилишга йирик маблағ йўналтирмоқда. Бунга жавобан компаниялар хизматларни пакетлаш, қўшимча рақамли сервисларни жорий этиш ва янги бизнес моделларни ишлаб чиқиш орқали даромадларни оширишга ҳаракат қилмоқда.
Соҳадаги ислоҳотлар ҳам бозор ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Янги “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонун, солиқ имтиёзлари ва “Рақамли Ўзбекистон - 2030” дастури доирасида оптик-толали интернет тармоқлари кенгаймоқда, рақамли хизматлар қамрови эса тобора ортиб бормоқда.
Мутахассислар прогнозига кўра, яқин йилларда ҳам ушбу ижобий динамика сақланиб қолади. 2026-2028 йилларда бозор ўртача йиллик 12 фоизга ўсиб, 2028 йилга бориб 35 триллион сўмга етиши кутилмоқда. Шунингдек, 5G тармоқлари Тошкентдан ташқарига чиқиб, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Фарғона каби йирик шаҳарларда ҳам жорий этилади.
Умуман олганда, телекоммуникация соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган тармоқларидан бирига айланиб, мамлакатнинг рақамли трансформациясида стратегик аҳамият касб этмоқда.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.